Ёшлар фестивали доирасида ёш чўпонлар гулхан атрофида суҳбат қуради
Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари Хуршид Очилов ва Ботир Нуруллаев, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Завқиддин Эргашевлар иштирокидаги тадбирда жорий йилнинг 11-13 июнь кунлари вилоятимизда "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида ўтказилиши белгиланган ёшлар фестивали доирасидаги тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Таъкидландики, уч кун давомида секторлар кесимида спорт мусобақалари, муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан мотивацион учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари, таниқли санъаткорлар иштирокида гала-консерт дастурлари, кам таъминланган оила фарзандларининг туристик марказларга саёҳатлари, "Ёшлар дафтари"га киритилган йигит-қизларга ускуналар топшириш маросимлари бўлиб ўтади.
- Бу фестивалнинг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари кўп, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Асосийси, тадбирларимизга шу пайтгача эътибордан четда қолган ёшларимиз таклиф қилинади. Жумладан, “Ёшлар ойлиги” доирасида амалга оширилаётган “Эътибордагилар” лойиҳасининг давоми сифатида ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида шахмат мусобақаси ташкил этилади. Шунингдек, Нуробод туманида ёш чўпонлар гулхан атрофида суҳбат қуришади.
13 июнь куни фестивалнинг якуний гала-концерти бўлиб ўтадиган Аэропорт майдонида мушакбозлик тадбири ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Тўлқин Сиддиқов.