Ёзги оромгоҳларда санитария назорати қандай ташкил этилган?
Самарқанд вилоятида болаларнинг ёзги дам олишини мазмунли ва хавфсиз ташкил этиш мақсадида оромгоҳларни янги мавсумга тайёрлаш ишлари изчил олиб бориляпти.
Хусусан, "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими бошлиғи Ирода Арипованинг таъкидлашича, шаҳар ва туманлардаги ҳар бир оромгоҳга масъул мутахассислар бириктирилган бўлиб, улар томонидан тайёргарлик жараёнлари мунтазам равишда назорат қилиб борилмоқда.
Айниқса, болалар саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ичимлик суви сифати доимий эътибор марказида турибди. Мавсум бошланишидан олдин барча оромгоҳларда ичимлик сувидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлиллари ўтказилмоқда. Бу эса сув орқали юқиши мумкин бўлган турли касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, оромгоҳларда болалар учун тайёрланадиган таомларнинг сифати, маҳсулотларни сақлаш шароитлари, ошхона ходимларининг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳамда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши доимий равишда назорат қилинмоқда.
Мутахассислар томонидан болаларнинг ёши ва физиологик эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тўйимли, витаминларга бой ва мувозанатлаштирилган таомномалар шакллантирилмоқда. Бу эса оромгоҳларда дам олаётган болаларнинг соғлом овқатланиши ва жисмоний ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.
Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар болаларнинг ёзги таътилни хавфсиз, соғлом ва мазмунли ўтказишлари учун мустаҳкам замин яратмоқда. Вилоятимиздаги барча оромгоҳларни белгиланган санитария-гигиена талаблари асосида фаолият юритишини таъминлаш эса мутасадди ташкилотларнинг доимий эътиборида бўлиб қолмоқда.
"Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси ахборот хизмати.