ЮНЕСКОнинг 43-сессияси: Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва учинчи Ренессанс сари қадам
Самарқанд шаҳрида ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси — Ўзбекистон тарихида йирик сиёсий, маданий ва маънавий воқеа бўлди.
ЮНЕСКОнинг 40 йилдан кейин илк бор Париждан ташқарида, айнан Самарқандда сессияни ўтказаётгани мамлакатимизнинг халқаро нуфузини яққол кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида таъкидлаганидек, “Бу муҳим глобал тадбирни минтақамизда ўтказиш орқали Ўзбекистон нафақат ўз цивилизацион салоҳиятини, балки халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини намойиш этди”.
Давлат раҳбари қайд этганидек, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини Самарқандда ўтказиш қарорини 194 та давлат бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бу халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонни маданият, илм-фан ва маънавият маркази сифатида тан олганининг далилидир.
Нутқда илгари сурилган ташаббуслар – маданий меросни асраш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, сунъий интеллект технологияларини маданиятга татбиқ этиш, экологик мувозанатни сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш – бугунги давр эҳтиёжига тўлиқ жавоб беради.
Бу ғоялар инсониятни бирлаштириш, маънавий уйғониш ва барқарор тараққиёт йўлида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Самарқандда ўтаётган сессия нафақат дипломатик ютуқ, балки учинчи Ренессанс сари қадам сифатида тарихда қолади.
Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуслари халқаро майдонда тинчлик, бағрикенглик ва маданиятлараро ҳамжиҳатлик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Президент нутқидаги ҳар бир чақириқ – биз учун масъулият, илҳом ва ҳаракат дастуридир.
Холбек Кубаев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.
 
                 
                                     
                                     
                                     
                                     
                                    