Юқори синф ўқувчилари нега мактабга эмас, “репетитор”га қатнаяпти?
Мактаблар рейтингини белгилашдаги индикаторлардан бири – битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичининг инобатга олинишидир. Қайси мактабда билимли, тажрибали ўқитувчилар бўлса, ўша мактаб ўқувчилари кўпроқ олий таълим даргоҳларига ўқишга киради. Бироқ баъзи қолоқ мактаблар рейтинг кўрсаткичини кўтаришнинг бошқа йўлини топишган.
Кейинги йилларда олий таълим муассасаларига ўқишга кирмоқчи бўлган айрим битирувчи синф ўқувчилари дарсга бормасдан “репетитор”га қатнамоқда. Бундан мактаб директори ва синф раҳбари хабардор, аммо уларнинг ўзлари баъзи ўқувчиларга рухсат бериб қўйганмиш.
- Ўғлимнинг мактабида синф раҳбари дарсларга келмасанг ҳам майли, ўқишга кирсанг бўлди, деган эмиш, - дейди ота-оналардан бири. – Ўғлим шу йил мактабни битиради. У ўқишга кириш учун кун бўйи “репетитор”га қатнайди, аммо дарсга бормайди. Синфида аъло баҳога ўқийдиган ўқувчиларнинг деярли барчаси мактабга бормаётган эмиш.
- Дугонам билан Самарқанд шаҳрида ижарада яшаб, “репетитор”га қатнаяпман, - дейди пайариқлик Дилфуза исмли қиз. – Шу йил мактабни битирамиз, ўқишга кириш учун директордан рухсат сўраб, дарсга бормасдан, ўқишга тайёрланяпмиз. Фақат чораклик имтиҳонларни топшириш учун мактабга боряпмиз.
Бугун атрофингизни кузатсангиз, яқинларингиз ичида бу каби ҳолатларга тез-тез дуч келасиз. Нима бўпти, ўқишга кириш учун тайёрланяпти экан, билим олишнинг нимаси ёмон, дейишингиз мумкин. Агар бу ҳолат йилдан йилга оммалашиб кетса, ўқувчилар мактаб ўқитувчисига эмас, “репетитор”га ишонса, юқори синфга ўтгач, мактабга бормай қўйса, мактабнинг обрўси қоладими? Битирувчиларим ўқишга кирса бўлди, дарсга келмаса ҳам майли, дейдиган мактаб директорлари қанчалик ҳақ? Иккинчи томондан, ҳамма ота-онанинг ҳам “репетитор”га пул беришга қурби етмайди. “Репетитор”га қатнайдиган ўқувчи қизлардан бири ойига 1 миллион сўм тўлашини ва учта фандан тайёрланаётганини айтди. Бундан ташқари, унинг ижара уйи, озиқ-овқати учун пул сарфланяпти.
Тўғри, ривожланган давлатларда ҳам ота-оналар фарзандларини қўшимча дарсларга беришади. Аммо улар мактабдан ажралмаган ҳолда қўшимча дарсларга қатнайди. Хўш, юқори синф ўқувчиларининг мактабга бормасдан “репетитор”га қатнаётганини ким қандай изоҳлайди?
Элёр Пўлатов, вилоят халқ таълими бошқармаси мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи:
- Мактаблар рейтинги саккизта индикатор бўйича баҳоланади. Мана шу индикаторлар бўйича мактабларда етарлича ишлар олиб борилмаяпти. Ўқувчининг мактабга бормасдан, фақат учта фандан тайёрланаётгани давлат таълим стандартларига тўғри келмайди. Битирувчилар учун ҳар бир мактабда дарсдан сўнг репетиторлик ташкил этилиши лозим. Фан ўқитувчилари олий маълумотли, ўз фанини яхши билади. “Репетитор” берадиган билимни мактаб ўқитувчиси ҳам бера олади. Ўқувчиларнинг қайси мутахассисликни танлаётганига қараб, керакли фанлар чуқурлаштириб ўқитилса, ҳам мактаб рейтинги, ҳам ўқитувчининг тажрибаси ошади.
Отабек Чинниқулов, Пайариқ туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактаби директори:
- Ўтган йили ўқувчиларимизнинг 45,5 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Бунгача икки йил бирортаси ҳам ўқишга киролмаган. Рости, битирувчиларни олий таълимга жалб қилишнинг ўзи бўлмади. Мактабимиз аҳоли тарқоқ тоғли ҳудудда жойлашгани учун бу ерда ҳамма ота-она ҳам фарзанди олий маълумотли бўлишини истамайди. Ота-она истамаганидан кейин, болада ҳам ўқишга хоҳиш бўлмайди. Шунинг учун ота-оналар билан алоҳида суҳбатлашдим, мактабда асосий фанлардан қўшимча дарслар ташкил этдик. Ўқувчиларимиз ўз билими билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириб кетгач, ундан пастки синф ўқувчиларида ҳам ўқишга қизиқиш уйғонди. Ўқиса кирар экан-ку, деган тушунча пайдо бўлди. Демоқчи бўлганим, олис ҳудуддаги мактабда ўқувчиларга шарт-шароит яратиб, уларни баъзи мактаб директорлари каби дарсдан озод қилиб юбормасдан, олий таълим даргоҳларига ўқишга тайёрлаяпмиз. Бу йил янаям юқори кўрсаткичларни умид қиляпмиз. Аммо менга баъзи ота-оналардан шундай таклифлар ҳам бўлди. Бир неча шаҳарлик танишларим фарзандининг ўқишини мактабимизга кўчириб, бола дарсга қатнашмасдан “репетитор”га боришини, мен эса индамаслигимни айтишди. Табиийки, мен бундай таклифга рози бўлмадим. Шаҳар мактабларида талаб кучли бўлгани учун айрим ота-оналар чекка ҳудуддаги мактаблар билан “келишиб”, фарзандининг ўқишини ўша мактабга кўчиряпти. Бола эса дарсга бормасдан, “репетитор”га қатнаяпти. Бундай ҳолатни оқламайман, аввало, бу ташаббус баъзи ота-оналарнинг ўзларидан чиқяпти.
Феруза Давронова, Самарқанд шаҳридаги 30-ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:
- Мен баъзи ўқувчиларнинг ўқитувчига эмас, “репетитор”га ишонишини оқламайман. Бизнинг мактабда тажрибали, ўз фанини чуқур биладиган ўқитувчилар кўп. Шунинг учун бизда дарсга қатнашмайдиган ўқувчининг ўзи йўқ. Мактабимиз ҳам ўтган йили рейтинг кўрсаткичи бўйича шаҳарда тўққизинчи ўринни эгаллади. Ҳар бир мактаб талабга қараб, юқори синф ўқувчилари учун қўшимча дарслар ташкил этяпти. Масалан, бизда кимё, биология фанларидан қўшимча дарслар ўтиляпти.
Танганинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, баъзи қолоқ мактаб директорларига “юқоридан” буйруқ бўлган, яъни келаси йил ҳам мактаб битирувчилари олий таълим муассасасига ўқишга кирмаса, ишдан кетиши ҳақида пўписа қилинган. Лавозимидан ажралишни истамаган директорлар мактаб рейтингини кўтариш учун шундай йўл тутишга мажбур бўлаётган эмиш. Тўғри, қарсак бир қўлдан чиқаётгани йўқ. Айрим ота-оналар ҳам фарзандим ўқишга киролмаса нима бўлади, деган ташвишда мактаб директори билан “келишяпти” ёки фарзандининг мактабини ўзгартириб, болани “репетитор”га беряпти.
Нима бўлган тақдирда ҳам ўқувчи, аввало, мактабда давлат стандартлари асосида ташкил этилган дарсларда ундан кейин қўшимча машғулотларда иштирок этиши керак. Таълим сифати учун курашилаётган бир пайтда ўқувчининг дарсларда иштирок этмаслигини оқлаб бўлмайди.
Хуршида Эрназарова.