Юридик техникумларда ташкил этилган “Ёзги ва қишки мактаблар” ҳақида биласизми?
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги барча юридик техникумларда қўшимча таълим олиш истаги бўлганлар учун “Ёзги ва қишки мактаблар”, шунингдек, пуллик асосида тайёрлов курслар ташкил этилди.
Жумладан, “Олий ўқув юртига тайёргарлик”, “Юридик техникумга киришга тайёргарлик”, “Тил ўргатиш курси”, “Компьютер саводхонлиги” ва бошқа курслар бўйича ўқувчилар бир йилда қоида тариқасида икки марта, июль-август (ёзги мактаб) ва январь-февраль (қишки мактаб) ойларида ўқиш имкониятига эга бўлади.
“Ёзги ва қишки мактаблар” иштирокчилари учун юридик техникумлар “Ўқувчилар турар жойлари”дан жой ажратилиши мумкин. Мактаб ва курсларни муваффақиятли тугатган битирувчиларга сертификат берилади.
Юридик техникумларнинг “Ёзги ва қишки мактаблар”ида ўқитиладиган фанлар ўқув дастурлари хорижий ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлари кўмаги ҳамда мамлакатимизда таълим соҳасидаги бўлаётган ўзгариш асосида доимий янгиланиб борилади.
Энг асосийси, “Ёзги ва қишки мактаблар” фаолиятини мутахассислиги бўйича тажрибали ҳамда махсус тайёргарликлардан ўтказилган ўқитувчи-педагоглар олиб боради.
О.Тошниёзов,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Самарқанд юридик техникум директори.