Юртдошларимизнинг қаҳрамонлиги унутилмайди
Эшонқул Исмоилов 1912 йил Пайариқ туманининг Кичик турк қишлоғидаги деҳқон оиласида туғилган. Дастлаб собиқ Карл Маркс номидаги колхоз табелчиси, бригадир ва ферма мудири, раис муовини вазифаларида ишлаган. 1942 йил туман ҳарбий комиссарияти томонидан армия сафига чақирилган. Дастлаб Белоруссия фронтида, кейин Украина фронтида фашистлар билан бўлган шиддатли жангларда қатнашди.
Уруш охирларида совет армияси Польшанинг Прознань шаҳрини озод этишда қатнашиб, кўрсатган жасорати учун гвардиячи аскар Э.Исмоилов “Совет иттифоқи қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. Бу ердаги жангларда мардлик кўрсатган жангчи қуршовда қолган 400 нафарга яқин ярадор аскар ва офицерлар даволанаётган госпитални озод этиш ишларида қатнашди.
Урушдан ўз юртига қайтган Э.Исмоилов Ғаллаорол туманидаги “Қизил куч” колхозида меҳнат фаолиятини давом эттирди - ферма мудири, омбор мудири, раис муовини, иттифоқ қишлоқ совети раиси бўлиб ишлади.
1975 йилда ғалабанинг 30 йиллиги Польша Республикасида катта тантаналар билан ниишонланди. Ушбу тадбирларга Прознань шаҳри мэридан Эшонқул Исмоиловга таклифнома келган. Лекин айрим сабаблар билан қаҳрамон бу маросимларга боролмаган. Орадан кўп вақт ўтмай Польшадан махсус вакиллар Э.Исмоилов хонадонига келиб, орден ва медалларни тантанали топширишган.
Э.Исмоилов 1990 йилда вафот этди. У туғилиб ўсган қишлоқ мактаби Эшонқул Исмоилов номи билан аталарди. Ҳозирда қаҳрамоннинг набираси ушбу мактабда директор сифатида фаолият юритмоқда.
Ортиқ ПАРДАЕВ.