Юртимизда илк бор: Октябрь ойидан бошлаб 9 ёшли қизлар ОПВга қарши эмланади
Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига жиддий таҳдид солувчи хасталиклардан биридир. Биргина 2018 йилда ушбу хасталик билан дунё миқёсида 570 минг янги касалланганлик қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 минг нафардан ортиқ аёллар вафот этади. Дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда туради. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса ушбу хасталик барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон бези саратонидан кейин учинчи, туғиш ёшидаги аёллар ўртасида эса иккинчи ўринни эгаллайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили юртимизда 1600 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда.
Самарқандда ушбу хасталикни олдини олиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, хусусан миллий эмлаш календарига янги вакцинанинг киритилиши ва унинг аҳамияти юзасидан семинар бўлиб ўтди. ЮНИСЕФ, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармаси, давлат санитария-эпидемиология назорати, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари иштирок этди.
- Бачадон бўйни саратонини олдини олиш борасида синалган ва самарали стратегия мавжуд бўлиб, бу одам папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлаш ҳамда саратон олди ҳолатларини скрининг қилиш ва даволаш кабилар киради, - дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Хурсандой Жамолова. - Миллий эмлаш календарига кўра, мамлакатимизда болалар давлат бюджети ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфекцияларга қарши эмланади. Шунинг учун ҳам бизда эпидемиологик ҳолат барқарор сақланмоқда. Эндиликда ОПВ га қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик - бачадон бўйни саратонининг олдини олишга хизмат қилади. Юртимизда 9 ёшли қизларни режали эмлаш шу йилнинг октябрь ойидан бошланади. Бунинг натижасида келажакда ҳар йили 1100 та касалланиш ҳамда 600 га яқин ўлим ҳолатларининг камайишига эришилади.
Айтиш керакки, ОПВга қарши эмлаш касалликнинг олдини олиш орқали уларнинг соғлом ва тўлақонли ҳаёт кечиришларига имкон яратади. Айни пайтда ОПВга қарши эмлаш дунёнинг 92 давлатида қўлланиб келинмоқда. Бачадон бўйни саратони келиб чиқишини камайтиришда эмлашнинг юқори самараси клиник синовлар даврида, шунингдек, ушбу вакцина узоқ вақтдан бери қўлланилиб келинаётган АҚШ, Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция каби давлатлар мисолида кўринган.