Замонавий жадид тимсоли: Самарқандлик олимнинг таълим соҳасидаги фидокорона фаолияти

Профессор Азамат Акбаров 1999 йилдан буён Ўзбекистон олий таълим тизимида беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Шу давр мобайнида ўнлаб йирик илмий форумлар, конференция ва симпозиумларни ташкил этди, халқаро лойиҳаларни бошқарди. 2011 йилдан бери қатор университетларда маърузалар ўқиди, кўплаб олимларга илмий тақризлар берди, университет журналлари ва стратегик ривожланиш дастурларига амалий ёрдам кўрсатди.

2003 йилдан бошлаб маҳаллий университетларнинг халқаро талабалар алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлади, 2017 йилдан эса Erasmus дастурларида фаол иштирок этди. 2010 йилдан бошлаб ўз маблағлари ҳисобидан чет эл олимларини Ўзбекистонга таклиф этиб, халқаро конференциялар ўтказди. 2018–2019 йилларда эса бир қатор олий таълим муассасаларида қишки мактаблар ташкил этди.

Айниқса, 2019 йилда профессор Азамат Акбаров Ўзбекистон давлат университетларида илк бор 5 кунлик таълим тизими, кредит-модуль тизими, 50 дақиқалик дарслар, бир семестрда 5 та фан модели, дуал таълим, талабалар парламенти каби янгиликларни жорий этди.

Таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга оширишда намоён этган юксак масъулияти, самарали, холис ва фидокорона меҳнати учун яқинда профессор Азамат Акбаровга Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси номидан “Ташаккурнома” тақдим этилди.

Шу кунгача профессор Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг «Фахрий ёрлиғи», «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, 2017 йил 22 декабрь куни Қозоғистон Республикаси таълим ва фан вазирининг «Фахрий ёрлиғи»га  ҳам сазовор бўлган.

Бугун профессор Азамат Акбаров жадидлар сингари сўз билан эмас, амал билан ишламоқда. Азамат Акбаровга келгуси фаолиятида янада юксак зафарлар тилаймиз.

Гули ЭРГАШЕВА,

филология фанлари доктори, профессор.