Зар – атроф-муҳитга зарар

Олимлар тақиқлашга чақираётган зар (глиттер) атроф-муҳит учун ҳалокатли. Илгари парфюмерия, шам, янги йил безаклари, гуллар, кийим, пойабзал ва яна минглаб бошқа нарсаларда ишлатиладиган глиттер фолгадан ясалган бўлса, ҳозирда у полимер - парчаланмайдиган микропластмассадан тайёрланади. 2018 йилда Англиядаги болалар боғчалари тармоғи ҳунармандчилик ашёси сифатида уни рангли дон-дун билан алмаштириб, зардан фойдаланишни тақиқлаган. Лекин ялтироқ заррачалар бутун дунёда оммабоплигича қолмоқда.

***

Араб рақамлари Европада Фибоначчи томонидан оммалашган. У Жазоирда математикани ўрганаётганда улар ҳақида билган.

***

Франчайзинг тизимида ишлайдиган дунёдаги энг йирик тез овқатланиш тармоғи, озиқ-овқат Америка корпорацияси - "McDonalds" даромадининг катта қисмини кўчмас мулкни ижарага беришдан топади.

***

XVIII аср ўрталарида Бенжамин Франклин яшин қайтаргич ихтиро қилгач, улар «мода»га айланди: чақмоққа қарши ускуна нафақат бинолар, балки соябонлар ва ҳатто аёллар шляпаларига ҳам ўрнатилган.

***

Дунёдаги энг кўп кузатиладиган шаҳар Ҳиндистон пойтахти Деҳли бўлиб, унда ҳар квадрат километрга 1800 га яқин видеокузатув камералари ўрнатилган.

***

"Volvo" автомобили тарихдаги энг узоқ масофани босиб ўтиш бўйича рекордга эга - 5,2 миллион километр. Бу фантастик кўрсаткичга 1966 йилда "Volvo P1800"ни сотиб олган ва уни умрининг охири - 2018 йилгача бошқарган америкалик ўқитувчи Ирв Гордон эришган.

***

Қуёш ҳар сонияда деярли 6 миллион тонна массасини йўқотади. Сўнгги 4,5 миллиард йил ичида у ўзининг дастлабки массасининг атиги 0,05 фоизини йўқотган.

***

Coca-Cola таркибида нофаол модда - коки барглари мавжуд. Mallinckrodt - АҚШ ҳукумати томонидан рухсат берилган ягона фармацевтика компанияси доривор мақсадларда фойдаланиш учун барглардан кокаин ажратиб олади, барги эса Coca-Cola тайёрлашга юборилади.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.