Зарафшон дарёси атрофига тахминан 150 метр дамба қилинди

Бугун, 2025 йил 23 июнь куни Zarnews.uz телеграм каналида “Фотофакт: Зарафшон дарёсидан тош-шағал аралашмасининг олинишига мораторий эълон қилинган. Шундай бўлишига қарамай, ноқонуний равишда бу «иш» қиш ва баҳор ойларида давом этган” деган хабар берилди. Мазкур хабарга Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди.
“Матнда келтирилган ҳолат Жомбой тумани Олмазор маҳалласи ҳудудида қайд этилган. Аслида, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаро Б.Эргашев Зарафшон миллий табиат боғи қоровуллари билан келишган ҳолда Зарафшон дарёси бўйида қишлоқ хўжалиги ишларини олиб борганини маълум қилган. Бунинг оқибатида табиий релеф ўзгариб, қирғоқ пасайиши ва дамбага шикаст етиши кузатилган.
2025 йил 10 июнь куни тоғларда қор эриши туфайли дарёда сув сатҳи кескин ошган ва маҳалланинг айрим қисмларини сув босган. Воқеадан сўнг Жомбой туман ҳокимлиги масъул идоралар билан ҳамкорликда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қирғоқни мустаҳкамлаш ишларини бошлаган.
Мустаҳкамлаш доирасида тахминан 150 метр масофада тупроқ ва бетон ёрдамида дамба барпо этилган. Сайтда эълон қилинган суратлар айнан шу мустаҳкамлаш ишлари олиб борилаётган пайтда олинган.
Ҳокимлик 2025 йил 17 июнь куни мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун туман прокуратурасига расмий мурожаат киритган.
Шу ўринда таъкидлаймизки, Зарафшон дарёси қирғоқлари давлат муҳофазасида бўлиб, бу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги фаолияти олиб бориш ҳам хавфли, ҳам ноқонуний ҳисобланади. Бундай фаолиятга йўл қўймаслик керак. Мазкур ҳудудлар Зарафшон миллий табиат боғи назорати остида бўлиши ва бу назорат янада кучайтирилиши лозим.
Жомбой тумани ҳокимлиги жамоатчиликни расмий манбалар орқали маълумот олишга чақирган ҳолда, барча ОАВ, фуқаролар ва жамоат ташкилотлари билан очиқ мулоқот ва ҳамкорликка тайёрлигини билдириб қолади”, дейилади муносабатда.