Зарафшон дарёси ҳавзасида барқарор сув бошқаруви: Алматида минтақавий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди

Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МАРЕМ) ва "Karitas Shveytsariya" компанияси кўмагида Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида “Зарафшон дарёси ҳавзасида иқлимга чидамли сув ресурсларини комплекс бошқариш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. 

Балхаш–Алакол ҳавзаси кенгашининг 41-йиғилиши доирасида ўтказилган учрашувда минтақавий экологик ташкилотлар, давлат идоралари ва фаол жамоат вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчилар сув ресурсларини самарали ва барқарор бошқаришда ҳавза кенгашларининг роли катта эканини таъкидладилар. Уларга кўра, бу кенгашлар томонидан қабул қилинган тавсиялар юридик кучга эга бўлиши ва давлат органлари томонидан инобатга олиниши зарур. Шу жиҳатдан тадбир Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқаришда янги босқични белгилаб берди.

- Зарафшон дарёси ҳавзаси фақат Ўзбекистон эмас, балки бутун минтақамиз учун ҳаётий аҳамиятга эга, - дейди эколог-эксперт Тўрахон Ҳошимов. - Ҳавзавий ёндашув сув ресурсларини бошқаришда барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлайди. Шу боис Зарафшон дарёси ҳавзасидаги сув ресурслари аҳоли, қишлоқ хўжалиги ва саноат эҳтиёжлари ўртасида мувозанатли тақсимланиши керак. Сир эмас, бугунги муаммолардан бири — сув тақчиллиги ва иқлим ўзгаришининг таъсири. Шунинг учун биз фақат техник чоралар билан чекланмасдан, ижтимоий ва иқтисодий ёндашувни ҳам ҳисобга олишимиз зарур.

Учрашувда иштирок этган "Karitas Shveytsariya" компаниясининг минтақавий ҳамкорлик бўйича координатори Марианна Келлер ҳам Зарафшон ҳавзасидаги тажриба минтақавий даражада муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди:

- Бизнинг мақсадимиз — фақат лойиҳа яратиш эмас, балки маҳаллий жамоаларни иқлим ўзгаришига мослаштириш. Зарафшон дарёси бўйлаб сувни тежаш технологияларини татбиқ этиш ва сувни бошқаришда аёллар ҳамда ёшлар иштирокига кенг йўл очишни режалаштирганмиз.

Муҳокамалар давомида “иқлим-чидамли инфратузилма”, “сув ҳисобини рақамлаштириш”, “чегарабўйи ҳамкорлик” каби долзарб масалалар ҳам кўтарилди. Тадбир якунида иштирокчилар Зарафшон дарёси ҳавзаси кенгаши фаолиятини кучайтириш, унинг тавсияларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қатор таклифларни илгари сурдилар.

Алматидаги бу учрашув Марказий Осиё давлатлари учун сув ресурсларини бошқаришда ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланиш сари ташланган муҳим қадам бўлди. Зарафшон дарёси ҳавзаси бўйича олиб борилаётган ишлар эса келгусида минтақавий ҳамкорлик моделини яратишда асосий намуна бўлиши кутилмоқда.