@zarafshonbot’га мурожаат: Мутасаддиларга муаммони эслатган, кўрсатган йўловчи танбеҳ эшитиши керакми?

@zarafshonbot манзилига иккинчи бор мурожаат қилишга мажбур бўляпман. Илк марта, 19 август куни Zarnews.uz телеграм каналида “Карантинда Лойишга қатновчи таксилар 5 мингдан 20 мингга кўтарилди, ҳамон такси нархлари тушмаяпти” мазмунида мурожаатим эълон қилинди.

Аммо бугунгача йўл кира борасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Йўл нархларини сунъий равишда ошираётган киракашларга ҳам ҳеч ким чора кўрмади.

Бугун вилоят транспорт бошқармасидан инспектор Р.Тожиев келди ва мен билан шу масалада гаплашди. Автобус ва “Газел”ларга рухсат берилмаса, йўл нархи ўзгармаслигини “тушунтирди”. Бироқ суҳбат охирида далолатнома расмийлаштириш, гўёки мурожаатни ўрганган киши сифатида мен билан расмга тушиш ҳаракатида бўлди. Табиийки, мен бу кўзбўямачиликни рад этдим.

Бундан инспекторнинг жаҳли чиқди ва менга қўпол муносабатда бўлди.

Халқ муаммоси юзасидан мурожаат қилганларга куракда турмас гаплар айтилаверса, жойлардаги камчиликлар қачон барҳам топади?

Светлана УМИРОВА.