@zarafshonbot’га мурожаат: Контракт пулини 5 кун кечикиб тўлаганим учун СамДУдан ҳайдалдим, шу адолатданми?

Биринчи мутахассислигим бўйича иш тополмаганлигим туфайли иккинчи бор 2020 йил сентябрь ойидан буён СамДУ бошланғич таълим йўналиши рус гуруҳида контракт асосида ўқиб келяпман. Ўқиш жараёнида ҳамиша фаолман. Бирор марта дарс қолдирмаганман. Имтиҳонларни ҳам яхши баҳоларга топширганман.

Шунингдек, 980 минг сўм ойлик маошга ишлайман. Фарзандларим ёш бўлишига қарамай ишга чиқишга мажбур бўлдим. Биринчи фарзандим 6 ёшга киради, иккинчи фарзандим эса бир ярим ёшга тўлган.

Мен контракт тўловимни маошимдан ўзим тўлаб келаман. Бу маош билан 7.800.000 сўмни бир йил давомида тўлайман. Бошқа ҳеч қанақа даромадим йўқ. Ўзим ҳафтасига 6/8 соат ишлайман. Фарзандларимга мен ишда бўлганлигим сабабли, онам ғамхўрлик қилади. Турмуш ўртоғим олий маълумотли бўлишига қарамай ишсиз. Ҳозирги кунда ёлланма ишлаб, оила тебратяпти.

Март ойининг ойлиги ҳам контрактга ўтиши керак эди ва ўтди ҳам. Аммо мен шунча илтимос қилишимга қарамасдан деканат ходимлари мени қарздорлар рўйхатига қўшиб, 650 минг сўм учун талабалар сафидан чиқариб юборишибди. Маошим 5 апрель куни ўтган, яъни қарзим беш кундан кейин қопланган.

Юқорида айтганимдек, мен бор-йўғи 980 минг сўм ойлик маошга ишлайман. Ҳозирда шунча илтимосномаларимга қарамасдан менга келаси йил ўқишни қайта тиклайсиз, дейишмоқда. Мен дипломимни тезроқ олиш ва оилавий шароитимни яхшилаш ҳаракатидаман. Мен тугалланмаган олий маълумот билан тўлиқ ишга киролмайман.

Ахир мен имтиҳондан йиқилганим ёки ўқиш жараёнида сабабсиз дарс қолдирганим йўқ-ку?!

Аксинча, келгуси йилда 3-курс бошланғич таълим йўналиши йўқ экан.

Гулдона Ахмедова, Самарқанд давлат университети талабаси.

***

P/S: Самарқанд давлат университети республикамизда молиявий ва академик мустақиллик берилган 35 та олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Молиявий ва академик мустақиллик берилган олий таълим муассасалари Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаши ва узайтириши мумкин.

Хўш, нега Самарқанд давлат университети раҳбарлари ушбу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда талабага имконият бериш ўрнига атиги 5 кун кечиккан, ҳозирда ўша қарзи тўланган талабани ўқишдан ҳайдаяпти?