@zarafshonbot‘га мурожаат: Сувчилар қувурни ямашдан, аҳоли мурожаат қилаверишдан чарчади
Самарқанд шаҳри Бирлик маҳалласи, Бирлик кўча, 1-тор йўлакдаги хонадонлардан мурожаат қиляпмиз.
Бешинчи кундирки, кўчамизга тортилган қувур тешилиб, ичимлик суви исроф бўлиб кўчага оқяпти. Оқибатда хонадон соҳиблари ичимлик сувини қўшни уйлардан ташиб ичишга мажбур бўляпти.
Дард устига чипқон, деганларидек, ушбу нохуш ҳолат оқибатида чиқинди ташийдаган машина кўчамизга киролмагани боис, ҳафталик чиқиндилар ҳам олиб кетилмасдан қолиб кетди.
Шаҳар, вилоят сув таъминоти идораларига қилган мурожаатларимизга бир хил жавоб: “Бригадаларимиз жойларда ишлаяпти. Бўшасин, юборамиз!”.
Ростини айтганда, сув қувурлари тешилиши юзасидан сув таъминоти идораларига ойига икки-уч бор мурожаат қилишга тўғри келяпти. Сабаби, қувурлар муддатини ўтаб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ўзимиз маблағ тўплаб, янгилаймиз десак, сув қувурларини кўмишда хандақ ковлаш учун техника керак. “Самарқанд шаҳар сув таъминоти” МЧЖ ходимлари бир йилдан буён “қувурларни янгилаш керак”, дейишдан нарига ўтмайди.
Наҳотки, шаҳар сув таъминоти идораси маҳалла билан келишган ҳолда ушбу муаммони бартараф этишнинг иложини қилолмаса?!