«Зарафшон»га чипта совға қилиш анъанага айланади
Жомбойда «Зарафшон» кинотеатри фойдаланишга топширилди.
Ушбу маданият даргоҳи қарийб 1 миллиард сўм эвазига реконструкция қилиниб, замонавий қиёфага келтирилган. Ёруғ ва кенг фойе, 200 ўринли томошалар зали меҳмонлар учун ўзгача шукуҳ беради. Эътиборлиси, мажмуа нафақат кино, балки спектакллар намойиши учун ҳам шароитларга эга.
Тантанали очилиш маросимида санъат ихлосмандлари, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, туман ҳокими Қаюм Собиров ҳамда кинематография агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фармон Розиқов халқимиз эстетик дидини юксалтиришда маданият даргоҳларининг аҳамиятини таъкидлашди. Бино реконструкциясида хизмат қилган қурувчилар меҳнати эътироф этилди.
«Зарафшон» кинотеатри 1976 йилда барпо этилган бўлиб, ўз вақтида туман халқи учун ўзига хос маданий-маърифий маскан сифатида хизмат қилган. Кейинчалик қаровсиз қолган даргоҳ сўнгги ўн йилларда фаолият юритмай келаётганди.
– Президентимизнинг жорий йил февраль ойидаги туманимизга ташрифи давомида ушбу маданият ўчоғини қайта тиклаш ғояси илгари сурилганди, – дейди туман ҳокими Қ.Собиров. – Давлатимиз раҳбари ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. Тадбиркорлар учун яратилган имконият меваси ўлароқ, кинотеатр биноси давлат-хусусий шериклик тартибида реконструкция қилинди. Эндиликда бу ерда нафақат кино, балки театр санъатини ривожлантиришни ҳам мақсад қиляпмиз.
Кинотеатрнинг илк иш кунида "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан суратга олинган «Афв» ҳамда Каттақўрғон шаҳар драма театри ижодкорлари саҳналаштирган «Қалтис қадам» спектакли намойиш этилди.
Тадбир давомида ўзига хос таклиф илгари сурилди: "Бундан буён яқинларимизга кино ва театр премьералари учун чипта совға қилсак, буни эзгу анъанага айлантирсак, мақсадга мувофиқ бўларди, – деди устоз журналист Фармон Тошев. – Бу ташаббусни жомбойликлар тажрибаси сифатида мамлакатимизда фаол тарғиб қиламиз".
Санъат даргоҳида кино ва спектакллар намойиши жорий ҳафтада мунтазам давом этади.