Zarnews.uz’га мурожаат: Электр узилишлари сабаб янги олийгоҳда замонавий дарслар ташкил қилиб бўлмаяпти
Оқдарё туманининг Даҳбед қўрғонида жойлашган Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ўтган ўқув йилида ўз фаолиятини бошлади.
Очиғи, филиал туманда жойлашганлиги боис очилганидан буён электр энергияси таъминотида муаммолар бўлиб туради. Айниқса, кунлар совиши билан ҳар куни филиалда электр энергиясида тез-тез узилишлар кузатилади.
Филиалга вилоят ҳокимининг ташрифи давомида масъулларга берилган топшириғига биноан, иккинчи заҳира линия тортилди. Бундан ҳамма хурсанд бўлишганди, ҳатто Республика “Агробанк” АТБ томонидан ҳомийлик асосида янги трансформатор олиб келинди. Бироқ, туман электр энергияси мутасаддилари иккинчи линиядан ўтадиган симёғочларни алмаштирамиз, деб олиб кетишганди. Аммо ҳанузгача янги симёғочлар ўрнатилмади.
Электр энергиясидаги тез-тез узилишлар таълим жараёнига ва унинг сифатига салбий таъсир кўрсатиши барчамизга маълум.
Чунки, бугунги кун шароитида замонавий техник воситалар ва рақамли технологияларни қўллаш, лабораторияларни электр энергиясисиз ишлатишни тасаввур қилиб бўлмайди.
Шундай экан, мутасадди раҳбарлардан ушбу муаммони ҳал этишлари юзасидан мулоҳазаларни кутиб қоламиз!