Зулматга ботган Украина коинотдан кўрсатилди
Американинг НАСА космик агентлиги сунъий йўлдош тунда тасвирга олган Украина зулматга ботганини кўрсатувчи Ер юзаси суратини эълон қилди.
24 ноябрдаги суратда Украина бутунлай зулматда, атрофи бошқа мамлакатлар, жумладан, Россиядаги аҳоли пунктларининг ёрқин қисмлари билан ўралгани кўриниб турибди.
Чоршанба куни Украина Энергетика вазирлиги Россия зарбалари туфайли барча атом электр станциялари ва аксарият иссиқлик электр, гидроэлектр станциялари вақтинча қувватсизлангани, аҳолининг катта қисми эса электр энергиясисиз қолганини маълум қилди. Пайшанба куни эса вазирлик муҳим инфратузилма объектларининг электр таъминоти тиклангани ҳақида хабар берди.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 23 ноябрь куни Украинанинг ҳарбий қўмондонлик ва бошқарув тизимига, тегишли энергетика объектларига катта зарба берилган.
Россия қўшинлари 10 октябрь кунидан бошлаб Украина инфратузилмасига ҳужум қила бошлади. Шундан сўнг зарбалар Украина энергетика, мудофаа саноати, ҳарбий қўмондонлик ва алоқа объектларига берилган. Украина ҳудудларида ҳар куни, баъзан бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинади.
15 ноябрдаги зарбалардан сўнг Украина бош вазири Денис Шмигал мамлакат энергетика тизимининг деярли ярми аллақачон ишдан чиққанини айтди. Зеленский, ўз навбатида, ноябрь ойи бошида мамлакат энергетика инфратузилмасининг 40 фоизга яқини аллақачон шикастланганини тан олди. Бу электр таъминотида катта узилишларга олиб келмоқда.