Зураб Пололикашвили: Ўзбекистон сайёҳлик йўналишлари орасида ўсиб бораётган юлдуз сифатида кенг эътироф этилмоқда
Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан маъқулланган "2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили" резолюцияси муносабати билан ўз фикрларини ўртоқлашди. Пололикашвили билан интервью "Дунё" ААда эълон қилинди.
– Ўзбекистон ташаббусининг глобал миқёсдаги аҳамиятини белгиловчи учта асосий омил нима деб ўйлайсиз? Ва бу резолюция Ўзбекистон учун қанчалик муҳим?
– 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиниши сайёрамизни хавфсиз, мустаҳкам тинчлик ва барча учун фаровонлик маконига айлантириш учун сайёҳлик сектори янги имкониятларни ўрганиш ва амалга ошириш учун ноёб имконият яратади. Ўзбекистоннинг мазкур резолюция ташаббуси билан чиқиши мамлакатнинг барқарор ва хавфсиз туризм индустриясини ривожлантиришга қатъий интилишидан далолат беради. Бу туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, унинг иқтисодий фаровонлик, ижтимоий инклюзивлик, тинчлик ва барқарорлик, маданий меросни, биологик хилма-хилликни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссасини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Халқаро йил барқарорликни таъминлаш ва мустаҳкамлашнинг ҳаётий муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу тамойиллар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2022 йил декабрь ойида қабул қилинган "Камбағалликни бартараф этиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун барқарор ва яшовчан туризмни, шу жумладан экотуризмни ривожлантириш" резолюциясида ҳам мустаҳкамланган. У ЮНВТО ҳисоботига асосланиб, биринчи марта COVID-19 пандемиясининг бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар учун даромад манбаи бўлган туризмга нисбатан мисли кўрилмаган муаммолар шароитида барқарорликни энг устувор вазифа сифатида белгилади.
Сўнгги пайтларда миллий ва глобал ривожланиш стратегияларида туризмнинг ўрни изчил ортиб бормоқда. БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартиби ва Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) контекстида Халқаро йил жаҳон ҳамжамиятига барқарор ва яшовчан туризмни ривожлантириш бўйича режалар ҳамда стратегияларни қабул қилиш, шунингдек, сайёҳликни ривожлантириш бўйича глобал ривожланиш кун тартибини амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатларни кучайтиришга йўл очади.
– Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикрингизни билмоқчиман. 2030 йилга бориб Ўзбекистон ҳар йили 15 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни режалаштирмоқда. Сизнингча, мамлакат ушбу мақсадларга эриша оладими ва туризм хизматларини яхшилаш учун ҳали нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
– Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга, деб ҳисоблайман ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳукумат томонидан ушбу соҳани жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганидан ғурурланаман. Ўзбекистоннинг маданий мероси ва бетакрор табиати бугун ҳаммага яхши маълум. Бироқ, ўзбек халқининг ажойиб миллий таомлари, ўзига хос анъана ва урф-одатлари, меҳмондўстлиги ҳақида ҳам тобора кўпроқ билишмоқда.
Сўнгги йиллардаги ажойиб натижаларни ҳисобга олсак, 15 миллион сайёҳни жалб қилиш мақсадига, албатта эришиш мумкин. Ушбу мамлакатга 2012 йилда хорижлик сайёҳлар сони 1,9 миллион кишини ташкил этган бўлса, пандемиягача бу кўрсаткич 6,7 миллионга етди. Республика, шунингдек, инқироздан яхши халос бўлганини кўрсатди. Ўзбекистон 2019 йилда ташриф буюрувчилар сони бўйича дунёда 49-ўриндан 2022 йилда 39-ўринга кўтарилди. 2023 йилнинг биринчи ярмидаги маълумотлар туризмнинг тўлиқ тикланиши ва халқаро ташриф буюрувчилар сони бўйича пандемиягача бўлган даражага қайтганини кўрсатди. 2023 йил сентябрь ойига келиб туризмдан тушган даромад 2019 йил даражасидан 30 фоиздан ошиб кетди.
Ҳукуматнинг туризмни янада ривожлантириш, уни миллий иқтисодиётнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш борасидаги улкан режаларидан яхши хабардорман. Мен бу саъй-ҳаракатларни юксак қадрлайман ва шуни таъкидламоқчиманки, Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти бу борада Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр. Шунингдек, мен мамлакат сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллий ҳамжамият ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, туризм таълимини ривожлантириш ва бу соҳада тан олинган минтақавий етакчига айланиш каби мақсадларга эришишига ва улардан ошиб кетишига қатъий ишонаман.
– Сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистон сайёҳлик бренди қанчалик машҳур бўлди деб ўйлайсиз?
– Сир эмаски, Ўзбекистон сайёҳлик йўналишлари орасида ўсиб бораётган юздуз сифатида кенг эътироф этилган ҳамда ўзининг бой, бетакрор маданий ва тарихий меросига асосланган ноёб туризм йўналишлари билан янги жаҳон бозорини кутиб олишга тайёр.
Бунинг энг яхши исботи – Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сонидир. Масалан, 2016 йилда мамлакатга икки миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йил, пандемиядан олдин – 6,7 миллион киши борган. 2023 йилда бу кўрсаткич 5,2 миллионни ташкил этди. Мен бу йилги кўрсатгичлар 2019 йилги натижалардан ошиб кетишини кутяпман.
Ҳукумати сўнгги 5-6 йил ичида 100 га яқин давлат фуқаролари учун визасиз режим жорий этган мамлакатнинг хайрихоҳлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг жозибадорлиги кўплаб рақобатбардош омиллар, яъни брендинг, шунингдек, виза режимини соддалаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ёки халқаро тадбирларни жалб этиш имкониятларининг юқорилиги нуқтаи назаридан ошди. Яқинда «Forbes» журнали Ўзбекистонни 2024 йилда энг яхши сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритди.
– Ўтган йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида Ўзбекистон Президенти муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурган эди. Жаҳон миқёсида туризмни ривожлантиришда уларнинг ролини қандай баҳолайсиз?
– Айни дамда ЮНВТО Ўзбекистоннинг масъул вазирлик ва идоралари билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилаётганини мамнуният билан қайд этиш керак. Улар орасида "Ипак йўли" мукофотини таъсис этиш, "яшил" ва арзон туризмни ривожлантириш ва бошқа кўплаб масалаларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Қайд этиш керакки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан яқинда қабул қилинган "2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили" деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси Ўзбекистон Президенти томонидан ўтган йили Самарқандда бўлиб ўтган ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида билдирилган глобал ташаббусларнинг бир қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуслар нафақат саёҳатнинг турли турларини ривожлантиришни қамраб олгани, балки таълимдан тортиб, маҳаллий секторни қўллаб-қувватлашгача бўлган бутун соҳани ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилгани билан ҳам жаҳон туризми учун муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг амалга оширилиши ҳеч кимни ортда қолдирмаслик тамойили асосида туризмнинг афзалликларини барча манфаатдор томонлар ўртасида адолатли тақсимлаш имконини беради. Бундан ташқари, туризм кўпчилик учун нажот манбасига айланади ва шу билан ҳам иқтисодиётни, ҳам инсоният манфаати учун ўзаро тушуниш ва бойитишни рағбатлантиради.