Самарқандда 42 та ташкилот шаҳар ташқарисига кўчирилади, 7 та чорраҳада йўл ўтказгичлар барпо этилади
Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров миллионли шаҳар лойиҳаси асосида амалга ошириладиган шу каби ишлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
Таъкидланишича, вилоят маъмурий марказини Гулобод қўрғонига кўчириш ва бошқа тадбирлар кўзланган бош режа ҳамда батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Самарқанд шаҳрида 178 та давлат ташкилоти жойлашган. Шаҳарни “миллионли шаҳар”га айлантиришда шаҳарсозликнинг “ақлли шаҳар” концепцияси асосида ташкил этиш, замонавий IТ-паркларда тизимлашган технологик жараёнларни амалга ошириш, “экологик тоза шаҳар”га айлантириш ва “хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими йўлга қўйилади.
Бунинг учун дастлаб 42 та давлат ташкилоти шаҳар атрофига кўчирилиши режалаштирилган.
Қоидага кўра, “миллионли шаҳар”лар мамлакат ЯИМни ўсишида драйвер вазифасини бажаради - маълум бир тармоқлар бўйича юқори қўшилган қиймат яратади. Шу жиҳатдан, шаҳарда бўшаган биноларга чет эллик инвесторларни жалб қилиб, туризм инфраструктурасини яратиш кўзда тутиляпти. Бу табиийки, қўшимча хизматлар ва янги иш ўринларини ташкил қилишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, 6 та аҳоли турар масканларига туташ жойларда кичик саноат зоналари ва ишлаб чиқариш объектлари барпо этиш ҳам айни шу мақсадга қаратилган.
Лойиҳа доирасида 7 та марказий чорраҳаларда муайян вақтларда юзага келадиган тирбандликларнинг олдини олиш учун йўл ўтказгичлар барпо этиш таклифи ишлаб чиқиляпти.