Шаҳардаги ўриндиқларни “безаётган” ёшлар: Улар кимнинг фарзанди?

Сиз суратда кўриб турган бу “эсдаликлар”, йўғ-э, ўриндиқлар Самарқанд шаҳрининг Кўксарой майдонида жойлашган.

Ишга келаётиб, ўриндиқларнинг биттаси синиб ётганига кўзим тушди. Янгисига алмаштирилаётган бўлса керак, деган ўйда яқинроқ бориб бошқа ўриндиқларга ҳам разм солдим. Афсуски, бундай эмас.

Аксарият ўриндиқлар ёшларнинг дил изҳорлари-ю “эсдаликлари”га тўлиб кетибди. Ҳар хил бўёқлар, қалам ва ручкаларда ёзилган сўзлар, тирнаб битилган телефон рақамлар, афсуски, ёшларимизнинг ақл тарозисини кўрсатиб турибди.

Бунинг устига майдонда чиқиндилар ҳар томонга сочилиб, арча шохларига турли матоҳлар ҳам илиб кетилган. Наҳотки, ёшларимиз дам олиш масканларида ҳам қоровул назоратида юрадиган савияда бўлса? Ачиниб кетасан одам.

Афтидан, оғриқли бўлса-да ҳудудда назоратчи қўйилиши ёки кузатув камералари ўрнатилиши лозим. Токи шу ишларни қилган ёшлар учун ота-онаси бир жарима тўлаб кўриб, тарбия ҳақида ҳам ўйлаб кўрсин.

Фазлиддин Рўзибоев.