Самарқандни “Яшил шаҳар”га айлантиришда жамоатчилик фикрига эътибор қаратилади

Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда "АЕСОМ" компанияси вакиллари билан ҳамкорликда “Яшил шаҳар” лойиҳаси борасида аҳоли фикрларини ўрганиш мақсадида турли ҳамкор соҳалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида семинар ташкил этилди.

Унда шаҳарнинг келажакдаги атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш бўйича инфратузилма инвестициялари ва маъмурий-ҳуқуқий тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Маълумки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мазкур лойиҳа вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Уни амалга оширишдан мақсад - Самарқанд шаҳридаги экология ва атроф-муҳит муаммоларини бартараф этиш учун хорижий сармоя киритиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишдир.

Тақдимотда мазкур лойиҳаларни амалга оширилишида самарқандликларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши алоҳида таъкидланди. Бунинг учун фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида улар ўртасида сўровнома ўтказилиб, Самарқанд шаҳрини энг чиройли ва яшил масканга айлантириш учун нима қилиш зарурлиги ҳақидаги тавсия ва ғоялар беришлари таклиф қилинди.

-  “Яшил шаҳар” лойиҳасини амалга оширишда шаҳримиз аҳолиси, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг фикр ва таклифлари алоҳида эътиборга олинади, - дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. – Чунки шу ерлик аҳоли яшаб турган шаҳрининг қайси ҳудудида долзарб муаммолар борлигини яхши билади. Лойиҳа ташкилотчилари қайси ҳудудда йўллардаги тирбандлик, ичимлик сувнинг танқислиги, электр энергияси, боғ, парк, болалар майдончалари етишмаслиги каби энг долзарб масалаларни самарқандликлар ҳоҳишлари билан ташкил этишга қарор қилишган. Бу масалада сизлар кўмак беришларингиз керак.

Семинарда ҳамкор ташлотлар ва кенг жамоатчилик вакилларидан тузилган гуруҳлар томонидан асосий муаммолар ҳақида фикр ва тавсиялар тингланди.          

- Бугунги кунда дунёнинг йирик 50 га яқин шаҳрида “Яшил шаҳар” ҳаракати давом эттирилмоқда, - дейди ЕТТБ “Яшил шаҳар” халқаро лойиҳаси маслаҳатчилари гуруҳи раҳбари Джесси Хани. - Уларга Туркиянинг Измир, Газиантеп, шунингдек, Марказий Осиё минтақасидан Душанбе, Чимкент, Олмаота, Бишкек каби шаҳарлар қаторига Самарқанд шаҳри ҳам қўшилди. Ҳаракатлар режаси вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди.

Яқин 15 йилга мўлжалланган ушбу ҳаракатлар режаси халқаро ва маҳаллий маслаҳатчилар гуруҳи томонидан асосий экологик ва атроф-муҳит муаммоларни таҳлил қилиш ва баҳолаш натижалари асосида тайёрланган.

Семинарда бир неча босқичларга бўлинган ҳолда амалга ошириладиган мазкур лойиҳа ишлари «АЕСОМ» (АҚШ) компанияси раҳбарлигидаги бир гуруҳ халқаро ва маҳаллий мутахассислар томонидан шаҳарнинг барча экологик муаммолар ўрганиб чиқилганлиги таъкидланди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.