Ибратли ҳикоя: Ҳайитлик ризқи

Қурбон ҳайити олдидан ўртаҳол оила бошлиғи жонлиқ олиш учун бозорга борди. Семиз, чиройли, кўнглидагидек қўйни сотиб олди.

Сўнг ёнидаги оғайнисига:

- Дўстим, илтимос, бу қўйни уйимга олиб боринг! Менинг зарур ишларим бор. Улгурмай қоламан, - деди. 

Оғайниси қўйни олиб дўстининг уйи томон кетди. Манзилга етганда дўстининг уйи билан қўшнисининг уйи жуда ўхшаш бўлгани учун адаштириб ва Аллоҳнинг ҳикмати билан қўшнисининг уйига қўйни ташлаб кетди. Хаёлидан кўтарилиб, жонлиқ кимники эканлигини айтмасдан жўнади.

У қўйни берган манзил аҳли жуда фақир яшарди. 

- Эй Аллоҳ, қайсидир солиҳ кишининг қалбига солибди-да, бизга эҳсон қилибди, - дейишибди улар. 

Қўй эгасининг аёли қўшниларини кўриб:

- Товба, буларнинг ўзи бир аҳволда яшашса, қўйга қаердан пул топишди экан, - дебди.

Кеч тушибди. Оила бошлиғи ишдан қайтибди. Фарзандлари, аёли уни одатдагидай кутиб олди. Уйда қурбонлик шукуҳи йўқ эди.

Аёлидан:

- Дўстим қўй олиб келиши керак эди, бугун сотиб олгандим, қани? - деб сўради.

Аёли:

- Ҳа, айтдим-а-а-а. Қўшнимизнинг қўй олганини кўрдим, дўстингиз ўшаларга ташлаб кетибди-да! Боринг, қўйимизни келтиринг! - деди.

- Қўйсанг-чи, хотин! Уларнинг фарзандлари роса суюнгандир. Мен қандай қилиб уларнинг қувончини тортиб олай? - дебди.

Эртаси куни тонг отиши билан у киши яна бозорга борди. Қараса, бир сотувчи қўйларини жойлаштираётган экан.

- Эй Аллоҳим, зора шу кишининг биринчи харидори бўлсам, менга арзонроққа яхшироқ қўй берса, - деб олдига борибди.

Шундай сотувчи:

- Йўлда келаётганимда қўйларим билан бахтсиз ҳодисага учрадик. Аллоҳга шукур, мен ҳам, жониворларим ҳам омон қолдик. Саломат қолганимизнинг шукронасига Аллоҳ учун биринчи келган харидорга энг яхши қўйимни бепул беришга назр қилдим. Қани биродар, танланг! Истаганингизни олинг! - деди.

Ҳалиги киши қувончини яширолмай:

- Субҳаналлоҳ, Аллоҳим, бунчалар меҳрибонсан, - деб юборибди.

Арабчадан Умму Абдуллоҳ таржимаси.