Паст Дарғомдаги ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди: Нотўғри хандақ қазиш оқибатида қулаган бино зарари қай тартибда қопланади?
Паст Дарғомда қоидага зид тарзда хандақ қазиш оқибатида икки қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Қурилиш вазирлиги ҳолат бўйича берган дастлабки изоҳида “Ҳақиқатан ҳам хандақ қазиш жараёнида нотўғри йўл тутилгани боис қўшни уйга зарар етган”ини маълум қилди.
Ўрганишлардан сўнг вазирлик ҳолатни батафсил баён қилди. Унга кўра:
“Фуқаро Б.Исроиловга тегишли бўлган Паст Дарғом тумани, «Самарқанд» маҳалласи, Самарқанд кўчасидаги 26-уйни реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудидан қўшимча бино ва иншоотларни қуришга Паст Дарғом тумани Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимининг 2024 йил 20 январдаги рухсатномаси берилган.
“МEЗАНА ПРОЕКТ” МЧЖ ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжати Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича архитектура ва шаҳарсозлик Кенгаши ишчи органининг 2024 йил 4 мартдаги хулосаси билан келишиб берилган. Лойиҳа ҳужжати “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш” республика маркази Самарқанд вилояти филиали томонидан кўриб чиқилиб, 2024 йил 26 мартда экспертиза хулосаси олинган. Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан объектда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказилган.
Бироқ, ўрганиш жараёнида фуқаро Б.Исроилов томонидан ўзбошимчалик билан “МEЗАНА ПРОЕКТ” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига амал қилмасдан, пойдевор қуйиш учун ер қазиш ишларини олиб борганлиги сабабли қўшни хонадон пойдевори остидаги тупроқнинг чўкиши натижасида турар-жойнинг бир қисми қулаб тушганлиги аниқланган”.
Вазирлик хулосасидан кўриниб турибдики, қурилиш ишларини бажариш учун барча ҳужжатлар расмийлаштирилган, рухсатлар олинган. Аммо қурилиш ишлари лойиҳа ҳужжатларига амал қилмасдан олиб борилган.
Бу орада мазкур иш юзасидан жиноят иш қўзғатилгани ҳақида хабар тарқалди. “2024 йил 15 май куни фуқаро Ҳ.Муродуллаев Паст Дарғом туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида туманнинг Самарқанд маҳалласи, Самарқанд кўчаси, 28-рақамли яшаш уйи билан бир девор қўшниси Т.Бегматов ҳовлисида дўкон қуриш учун котлавон қазганини, қурувчиларга қазиш ишларини тўхтатишни, акс ҳолда уй қулаб тушишини бир неча бор айтиб келганини билдирган.
Уй эгаси қурувчилар котлавон қазиш ишларини давом эттирганини ва бунинг оқибатда 14 май куни соат 19:45 ларда яшаш хонадони қулаб тушиб, унга 300 минг АҚШ доллари миқдорида моддий зарар етказилганини баён этган. У аризасида фуқаро Тоҳиржон Бегматовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Паст Дарғом туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган. Таъкидланишича, жиноят ишининг тергови назоратга олинган бўлиб, қўшимча равишда ахборот берилиши таъминланади”, дейилган прокуратура хабарида.
Хулоса қилиш мумкинки, ҳар қандай ҳолатда ҳам нотўғри хандақ қазиб қўшнисининг уйи қулашига сабаб бўлган шахс ҳаракатига баҳо берилади ва у зарарни қоплаб бериши лозим. Бу қай тартибда бўлади, қанча маблағ берилади, қолгани вақт масаласи. Муҳими, бино қулаши оқибатида ҳеч кимга зарар етмаган.