Дунёда қайси касб эгалари энг кўп маош олади?
Бола мактабни тугатгач, ота-оналар унга нуфузли, талабчан ва албатта, яхши маош тўланадиган касбни бериш ҳақида ўйлай бошлайдилар. Меҳнат бозори ҳар йили кескин ўзгариб туриши боис, эндиликда қачонлардир нуфузли ҳисобланган касблар ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда. Уларнинг ўрнида IT-мутахассислар, менежерлар, маркетолог ёки реклама мутахассислари каби янги касблар кириб келмоқда.
Ушбу мақолада сўнгги йиллар маълумотларига кўра дунёдаги энг кўп ҳақ тўланадиган касблар рейтинги келтирилган.
Ўсимликлар соҳаси селекционерлари ва генетик муҳандислари: йиллик маоши - 97 560 АҚШ доллари
2050 йилга бориб дунё аҳолиси 9,4 миллиард кишига етиши тўғрисида башоратлар қилиняпти. Ер аҳолисининг доимий ўсиб бориши туфайли сайёрада ўта муҳим - очлик муаммоси пайдо бўлиши эҳтимоли жуда катта, дейди олимлар. Ҳатто ҳозирда ҳам кам ривожланган мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотларининг кескин танқислиги ҳам сир эмас. Ернинг керакли миқдорда ўсимлик озуқасини етиштириш қобилияти аҳолининг ўсиш суръатларидан анча орқада эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ўсимликлар соҳаси селекционерлари ва генетик муҳандислари келажакда жуда керакли бўлиб қолаётир.
Реклама менежери: йиллик маоши - 100 020 АҚШ доллари
Замонавий дунёда фақат сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш етарли эмас. Турли хизматлар сонининг фаол ўсиб бориши бозорда ҳар бир алоҳида маҳсулотни илгари суришнинг ўзига хос ва жонли усулларини топиш заруратини талаб қилади. Бу касб эгалари бошқалардан фарқли ўлароқ, янги тасвирли ижобий имиж яратмоғи ва уни харидорга етказа олмоғи даркор, шунда одамлар бу маҳсулотларни сотиб олиш ҳақида ўйлаб ўтирмасдан, дарҳол бу ишни амалга оширади. Аслида “Реклама менежери” ихтисослиги шундай пайдо бўлган.
IT-мутахассиси: йиллик маоши - 100 110 АҚШ доллари
Замонавий дунёда барча жабҳани компьютер технологиялари ва ахборот назорат қилади. IT-мутахассислари дастурий таъминотни ишлаб чиқиш билан бирга, тизимларни хакерлардан ҳимоя қилиш ва муҳим маълумотларнинг сизиб чиқишини олдини олиш билан шуғулланади. Бу мутахассислик ортида инсониятнинг бутун технологик келажаги ётади.
Ҳуқуқшунос: йиллик маоши - 110 590 АҚШ доллари
Улар ўз фаолиятлари билан нафақат жисмоний шахсларга, балки қонун нормаларига риоя қилишлари лозим бўлган йирик компанияларга ҳам фойдаси тегадиган касб эгаларидир. Барча ҳуқуқий низоларни тартибга солишда айнан ҳуқуқшуносларнинг хизмати бор. Уларнинг аралашувисиз замонавий дунёда ҳеч қандай шартнома тузилмайди, ҳеч қандай ҳужжат имзоланмайди ва катта битимлар амалга оширилмайди.
Учувчи: йиллик маоши - 134 090 АҚШ доллари
Ҳаво транспорти машҳур ва тезкор бўлганлиги сабабли, самолёт бошқарувчи мутахассислиги дунёдаги энг юқори ҳақ тўланадиган ва нуфузли касблардан бири ҳисобланади. Касб аниқ кўникмалар, психологик тайёргарлик ва бошқа одамларнинг ҳаёти учун масъулиятни талаб қилади. Аста-секин учувчисиз самолётлар пайдо бўлмоқда, ҳали улар тирик одамларни сиқиб чиқармагунча, бу касб эгалари ҳар доим ҳурматли ва фойдали бўлиб қолади.
Анестезиолог: йиллик маоши 162 080 АҚШ доллари
Чет элда шифокор лавозими жуда нуфузли ва анестезия бўйича мутахассисларга катта маош тўланади. Анестезиолог нафақат операция вақтида беҳушлик дозасини тайинлайдиган шифокор, балки операция вақтида ҳам, операциядан кейинги даврда ҳам беморнинг хавфсизлигини таъминлайдиган мутахассисдир. Шунинг учун уларнинг меҳнати юқори иш ҳақи даражасига муносибдир.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.