1 февралдан нималар ўзгаради?

2023 йил 1 февралдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳи Norma.uz портали томонидан тақдим этилди.

Адвокатлик ордерлари электронлаштирилади
Адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган «Электрон адвокатлик ордери» берилади. Шунингдек:
- ушбу ордер ҳақидаги маълумотни «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритиш мажбурий ҳисобланади;
- адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, шу жумладан, унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинади.

Айрим тадбиркорлик субъектлари Савдо-саноат палатасининг аъзолик бадалларидан озод қилинади
Микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда, текин қабул қилинади ҳамда қонунда назарда тутилган аъзолик билан боғлиқ Палата хизматларидан тўлақонли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади, Палата томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча пуллик хизматлар бундан мустасно.

Қимматбаҳо металларни сотувчи ЯТТларга банк кафолати тақдим этилади
Қимматбаҳо металларни товар-хомашё биржаси орқали кечиктириб тўлаш шарти билан сотганда:
- сотиб олинган қимматбаҳо металлар учун тўлов мажбуриятларини «Ўзмиллийбанк» АЖнинг кафолати билан бир қаторда бошқа банкларнинг кафолатлари ҳамда тегишли ташкилотнинг кафиллиги билан ҳам таъминлашга;
- банк кафолатини заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга ҳам беришга;
- тўлов мажбуриятларини таъминлаш мақсадида бериладиган банк кафолати бўйича хизмат ҳақини тарафларнинг келишувига асосан қатъий миқдордаги суммада белгилашга рухсат этилади.