1 ноябрдан стратегик аҳамиятга эга хўжаликларда товарлар харид қилишнинг алоҳида тартиблари бекор қилинади
Президентимизнинг 2020 йил 21 августда «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида вилоятда маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, номенклатурасини кенгайтириш, ҳудудлар ва тармоқлараро кооперацияни чуқурлаштириш, қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, 2020 йил 1 ноябрдан устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав капиталининг 50 фоизи ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсларнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 минг бараваридан юқори бўлган импорт товарлар харидларининг мақсадга мувофиқлиги ҳар чоракда рўйхати тасдиқланган ҳолда кузатув кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг давлат харидларидаги иштирокини вақтинчалик тақиқлаш ва чегаралаш механизми киритилади.
Вақтинчалик тақиқ ва чегаралашга киритилган маҳсулотлар бўйича танлов иштирокчилари таклифларини баҳолашда халқаро тажрибага мувофиқ маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларнинг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади.
2020 йил 1 ноябрдан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар учун товарлар харид қилишнинг алоҳида тартиблари бекор қилинди.