1096 та маҳаллада экин турларининг аниқ ҳисоб-китоби ишлаб чиқилади: Каттақўрғон балиқчиликка ихтисослашади

Вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини икки баробарга ошириш тўғрисида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорига асосан вилоятда 1096 та маҳалла кесимида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, экиладиган қишлоқ хўжалик экинларини турлари бўйича аниқ ҳисоб-китоби ишлаб чиқилди.

Жорий йилда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги тармоқлар бўйича қиймати 436,8 миллиард сўмлик 145 та лойиҳа ишга туширилади. Қоракўлчилик, қўйчилик йўналишларида жами 61 та янги лойиҳа, Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан сут йўналишидаги 9 та ва бўрдоқичилик йўналишидаги 5 та замонавий қорамолчилик комплекслари ишга туширилади.

Шунингдек, парандачилик йўналишида 40 та лойиҳа ва балиқчилик йўналишида 30 та янги лойиҳа амалга оширилиб, Каттақўрғон туманини балиқчиликка ихтисослаштириш ҳамда балиқ етиштиришни кўпайтириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Шунингдек, ғалладан ва маккажўхоридан бўшаган майдонларга оралиқ экинлар экиш, белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобига ҳар бир гектар майдондан 10-12 тонна озуқа бирлигида ҳосил олиниши таъминланади. Вилоятда омухта ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга ошириладиган 3 та лойиҳа ишга туширилади.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш бўйича амалга оширилиши белгиланган қуввати 40 минг 150 тонналик 16 та лойиҳани муддатида амалга ошириш белгиланган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш қуввати бўйича амалга ошириладиган 15 та, шундан мева-сабзавотни қайта ишлаш қуввати 26,2 минг тонналик 10 та, сутни қайта ишлаш бўйича қуввати 2,7 минг тонналик 4 та ва қуввати 170 тонналик 1 та гўштни қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади.