12 нафар алданган юртдошимиз Россиядан Ўзбекистонга қайтарилди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Нижний Новгород шаҳридаги вакиллигига Чебоксари шаҳрида ишлаётган бир гуруҳ юртдошларимиз иш берувчиси ойлик маоши ва паспортларини бермаётгани, яшаб турган хостелидан чиқариб юборганлиги юзасидан мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, фуқароларимиз ижтимоий тармоқлардаги ёлғон маълумотларга ишониб, Чувашия Республикасининг Чебоксари шаҳарига нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига автобусларда иш берувчи ҳисобидан ишлаш учун борган.
Иш берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқароларимизнинг паспортларини олади ва бир неча ой давомида иш ҳақисиз ишлатади. Ҳужжатларини қайтариб бермай, номаълум жойга қочиб кетади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва ўзбек диаспораси вакиллари саъй-ҳаракати билан фуқаролар хостелга жойлаштирилиб, иссиқ овқат билан таъминланган.
Фуқароларнинг бир гуруҳига Бош консулхона томонидан Ватанга қайтиш сертификати расмийлаштириб берилган. Агентлик томонидан 12 нафар фуқаро Қозон-Тошкент йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистонга қайтарилган.