12 ёшли болани чек сўрагани учун урган дўкон сотувчиси 15 суткага қамалди
Ҳолат қандай содир бўлган? Дўкондор қай тариқа жавобгарликка тортилган? Барчаси ҳақида қуйида билиб олишингиз мумкин...
Видеода кўрган ҳолат юзасидан боланинг онаси Д.Ж. 20 июль куни Болалар омбудсманига мурожаат қилган. Унда фарзанди Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги дўконда харид қилганда ҚР-чек сўрагани учун сотувчи болани ҳақоратлаб, бир неча бор унинг юзига урганини билдирган. Табиийки, сотувчига қонуний чора кўришни сўрган.
Болалар омбудсмани ички ишлар органларига болага нисбатан содир этилган қонунга зид ҳаракатни ўрганиш бўйича сўров юборган.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида жамоат жойида сўкиниб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик хатти-ҳаракатларини содир қилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан иш қўзғатилиб, 21 июль куни ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судига юборилган.
12 ёшли болага нисбатан ғайриқонуний ҳаракатлари учун дўкон сотувчиси З.А.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.