120 йил яшайдиган одамлар

Ҳиндистон ва Покистон давлатлари чегарасидаги Ҳунза дарёси водийси “ёшлик воҳаси” деб аталади. Бу водий аҳолисининг умр кўриш давомийлиги 110-120 йил. Улар деярли касал бўлмайди ва жуда ёш кўринади.

Бу уларнинг бошқа мамлакатларда 40-50 ёшга келиб одамлар ўзини соғлом, бахтли ҳис қилгани каби идеалга яқинлашган маълум бир турмуш тарзи борлигидан далолат беради.

Ҳунзаликлар ҳатто 15 даража совуқда ҳам музли сувда чўмилади, 100 ёшгача очиқ ҳавода ўтказиладиган ўйинларда қатнашади, 40 ёшли аёллари қизларга ўхшайди, 60 ёшигача улар нозик ва нафис қоматини сақлаб қолишади ва 65 ёшда ҳам фарзандли бўлиши мумкин. Ёзда аҳоли мева ва сабзавотлар, қишда қуритилган ўрик, ўстирилган дон ва қўй сутидан тайёрланган пишлоқ истеъмол қилади.

Эътиборлиси, аҳолининг мевалари ҳали пишмаган “очлик баҳори” деб аталадиган давр икки ойдан тўрт ойгача давом этади. Бу ойларда улар деярли ҳеч нарса емайди ва кунига фақат бир марта қуритилган ўрик шарбатини ичади. Бу парҳез аҳолининг қатъий ажралмас риояси сифатида қабул қилинган.

Шотландиялик шифокор Мак Каррисон Ҳунза водийси яқинида 14 йил яшади. У бу халқнинг узоқ умр кўришининг асосий омили бу парҳез, деган хулосага келди. Агар киши нотўғри овқатланса, ҳатто соф ҳаво ва тоғ иқлими ҳам уни касалликлардан қутқармайди. Шу сабабли худди шундай иқлим шароитида яшовчи Ҳунзага яқин қўшнилар турли хил касалликларга дучор бўлиши, уларнинг умри икки бараварга қисқа бўлганлигини яна қандай изоҳлаш мумкин, дейди шифокор.

Бутун қиш ва баҳор бўйи Ҳунза парҳезининг асоси буғдой кулчалари ва мевалар, асосан ўриклардан иборат. Улар бунга ҳеч нарса қўшмайди, чунки қўшадиган ҳеч нарса йўқ-да. Бир неча сиқим буғдой ва ўриклар – буларнинг барчаси уларга кунлик овқат рациони сифатида хизмат қилади.

Йилнинг қолган қисмида бошқа мевалар, сабзавотлар ва резаворлар хом шаклда, пиширилмасдан қўшилади. Шунингдек, буғдой, жавдар, жўхори, арпа, гречка, гуруч, тариқ, нўхат, ясмиқ каби дон уруғлари ва ёнғоқлар истеъмол қилинади. Ҳунза аёллари буғдой доналарини тош ҳовончаларда майдалаб, ун қилади, хамиртурушсиз хамир қориб, кулча ясайди ва уларни уй деворида қуритиб олади.

Англияга қайтиб келган Мак Каррисон кўп сонли ҳайвонлар устида тажриба ўтказа бошлади. Улардан баъзилари оқ нон, селдь балиғи, шакар, консерваланган ва қайнатилган сабзавотлар каби таомларни истеъмол қилди. Натижада бу гуруҳда турли хил “инсон касалликлари” пайдо бўла бошлади. Бошқа бир ҳайвонлар гуруҳи эса Ҳунза парҳезига риоя қилди ва тажриба давомида улар мутлақо соғлом қолди.

Қизиғи, Ҳунзанинг юз тузилиши қўшни халқлардан фарқли ўлароқ, европаликларга жуда ўхшаб кетади. Тарихчиларнинг фикрига кўра, биринчи Ҳунза жамоаларининг асосчилари Ҳинд дарёсининг тоғ водийлари бўйлаб юриш пайтида бу ерга келиб қолган Александр Македонский армиясининг савдогарлари ва жангчилари бўлган.

Швейцариялик шифокор ва парҳез бўйича тадқиқотлар кашшофи Бирхер Беннер “Ҳунза - касалликлар нималигини билмайдиган халқ” китобида ушбу халқ овқатланиш моделининг қуйидаги муҳим афзалликларини таъкидлайди:

“Улар вақти-вақти билан оч юриб, кундалик рационида фақат ўз тупроқларида етиштириладиган сабзавот ва мевалар устунлик қиладиган кўп миқдордаги хом, барчаси ҳеч қандай кимёвийлаштирилмаган ва барча биологик қимматли моддалари сақлаб қолинган табиий маҳсулотларни истеъмол қиладиган вегетарианлардир”.

Доктор Мак Каррисон эса “Касални мутлақо соғлом, соғломларни эса ниҳоятда узоқ умр кўришга ундайдиган идеал парҳез мавжуд ва унинг асоси янги ҳаёт яратишга қодир дон ва ёнғоқлардир”, деган хулосасини баён этди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.