Гўзалкентда ёнғин қутқарувчиси касбига қизиқувчилар талай

Қутқарувчилик – ўта хавфли ва машаққатли касблардан бири. Бу касб эгалари томонидан кутилмаган вазиятларга тушиб қолган минглаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Паст Дарғом тумани Гўзалкент қўрғонида жойлашган 19-сонли касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Н.Қодиров билан “Долзарб 90 кун” таълим дастури доирасида ўтказилган учрашувда қутқарувчилик касбини танлаган ёшлар қандай ижобий фазилатлар пайдо бўлиши ҳақида батафсил тушунтирилди.

- "Долзарб 90 кун" таълим дастури ёзги таътилни ўқувчилар учун дам олиш, ўсиш, ўрганиш ва янги имкониятларни очади, - дейди Нурали Қодиров. - Бу ташаббус ёшларни соғлом, билимли ва интилувчан бўлиб вояга етишига ёрдам беради. Ёзги таътилни мазмунли ташкил этиш, ўқувчиларнинг билимларини мустаҳкамлаш ва янги кўникмаларни шакллантириш муҳим. Бу дастур доирасида турли хил тадбирлар қатори ёнғин-қутқарув машғулотлари ҳам амалга оширилади. Шундай экан, уларга ёмон таъсир қиладиган нохуш воқеа-ҳодисаларнинг олдини олиш, турли кўнгилсизликларни бартараф этиш борасида бошқармамиз тизимида ташкил этилган чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.

Гўзалкент қўрғонидаги маҳаллалардан келган 50 дан ортиқ уюшмаган ёшлар, мактаб ўқувчилари қатнашган учрашувда аҳолини турли хусусиятдаги фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш, фуқаролар соғлиги ва ҳаётига хавф туғдирувчи омиллар бўйича уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди. Улар қутқарувчиларнинг касбий маҳорати ва махсус техникаларни ишлатиш жараёни билан танишдилар.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.