15 нафар маҳкум муддатидан олдин озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди

Жорий йил 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари Самарқанд вилоятининг жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича суд раислари билан биргаликда Пайариқ туманидаги 17-сон Мусиқа мактаби биносида ва Каттақўрғон туман Халқ қабулхонасида фуқароларни қабул қилди.

Пайариқ ва Каттақўрғон туманларида ўтказилган сайёр қабулда жами 74 нафар фуқаро қабул қилиниб, улардан 13 тасининг аризаси назорат тартибида ва ўрганиб чиқиш учун ҳамда 2 та ариза жиноят ишлари бўйича вилоят судида ўрганиш учун қабул қилинди.

Олий суд Матбуот хизмати хабарига кўра, мурожаатларнинг 70 таси судга оид, 3 таси Мажбурий ижро бюроси фаолияти бўйича ва 1 таси Каттақўрғон туман ички ишлар идоралари фаолиятига тегишли бўлиб, ушбу 4 та мурожаат бўйича фуқароларга ҳуқуқи тушунтирилди.

Сайёр қабулларда 41 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди. Шундан 18 таси жойида ҳал этилди, 17 та шахс тайинланган жазодан шартли озод қилинди. 15 та мурожаат ўрганиш учун қабул қилинди.

Процессуал қонун талабларидан келиб чиқиб, қабулларда сайёр суд мажлисларига ҳам эътибор қаратилди.

Суд мажлисларда 103 нафар маҳкум ва судланувчиларга нисбатан ишлар кўрилиб, шундан 15 нафар маҳкум жазони ўташ жойидан муддатидан олдин озод қилиниб оиласи бағрига қайтарилди, шунингдек, аҳлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва синов муддатини ўтаётган 88 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари озод этилди.

Сайёр қабулларда суд залидан озод бўлган ҳамда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган шахслар, улар яқинларининг 51 нафари Президентимизга, Олий суд раҳбарларига ўз миннатдорлигини изҳор қилди.

Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабуллар давомида Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, йиғилишда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтириш берди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш масаласига, нотинч оилалар билан ишлаш, айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда “Ота” номли қисқа метражли фильм намойиш этилгани учрашув риштирокчиларини бефарқ қолдирмади. Натижада 6 нафар оила ярашди.