16 ноябрдан ОТМларда анъанавий дарслар бошланди. Масофадан ўқишни истовчилар онлайн тарзда таълим олиши ҳам мумкин
Бугун, 16 ноябрдан Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 12 ноябрдаги йиғилиши қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари анъанавий шаклда бошланди. Ҳозирча олий таълим муассасаларида анъанавий дарслар 1- ва 4-босқич талабалари учун ташкил этилди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида 4-босқич талабалари учун дарс машғулотлари куннинг биринчи ярмида, 1-босқич талабалари учун куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтади (1-босқич талабаларининг ярми биринчи сменада ўқийди).
- Дарс жадвали махсус ишлаб чиқилган бўлиб, бунда аудиториядан чиққан талабалар бошқа гуруҳ талабалари билан “кесишмайди”, - дейди институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Абдуғани Элмуродов. - Ҳозирча фақат 1- ва 4-босқич талабалар учун анъанавий дарслар бошланган. Бизда 1-босқич талабалари кредить модул тизими асосида ўқийди. Унга кўра, талаба 50 фоиз вақтини анъанавий таълимга, қолганини лаборатория машғулотлари ва мустақил ўзлаштириш учун сарфлаши мумкин.
Шунингдек, Самарқанд давлат университетида бугун 1-, 4-босқич талабалари учун анъанавий дарслар бошланган бўлса, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида анъанавий дарсларга 1-, 2-, 3-, 4-босқич талабалари жалб қилинди. Барча олий ўқув юртларида карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда анъанавий дарслар бўлиб ўтмоқда. Талабалар ичида масофадан ўқишни истовчилар онлайн тарзда таълим олиши ҳам мумкин.