17 йил олдин қишлоғидан “Шоир бўламан”, деб чиққан йигит ниятига етди
Ургутнинг Сўфиқишлоғидан 17 йил аввал ўқиш, изланиш ва албатта, шоир бўлиш истагида шаҳарга отланган йигит ўтган шунча вақт давомида шоир бўлиб элга танилолмади. Аммо қисқа муддатда у моҳир журналист сифатида нафақат Самарқанд вилоятида, балки республикамизда кўпчиликнинг эътиборига тушди.
Ижодкорнинг биринчи китоби “Йигитнинг ори бўлсин!”, деб номланган бўлиб, ундан энг сара публицистик мақолалари ўрин олганди.
Ҳа, гап истеъдодли ижодкор Исомиддин Пўлатов ҳақида бормоқда. У билан биринчи кўришганимизданоқ қадрдон бўлиб қолганмиз. Елкадошим, сирдошим, иним Исомиддин кўнгил кишиси эканлиги ва келажакда машҳур шоир бўлишига ўша биринчи учрашувдаёқ умид қилган эдим.
У публицистикада ижод қилиш билан бирга шеър ёзишни ҳам канда қилмади, бироқ назмий асарларини китоб қилишга шошилмасди. Ёзди, изланди, қайта ишлади.
Ўтган 2020 йилни кўпчилик эслашниям истамайди. Сабаби, оғир, синовли йил бўлди. Аммо сабрли бўлиб, шукроналик ҳисси билан келажак сари интилганларга унутилмас йил бўлди. Жумладан, Исомиддин учун ҳам.
Иним айнан 2020 йилда бир қанча қийинчиликларни енгиб, бир талай муваффақиятларга эришди.
Исомиддинни яқиндан билганим учун ҳам аксарият шеърларининг ёзилиш тарихи менга маълум. У ота-онасига меҳрли фарзанд, оғасига қадрдон ини, укасига оқибатли ака, турмуш ўртоғига садоқатли ёр, устозларининг масъулиятли шогирди, шунингдек, қаттиққўл раҳбар, яхшигина танқидчи, ҳақиқат йўлида курашувчи...
Унинг фазилатларини, кўнгил кечинмаларини санаб адоғига етмайман. Яхшиси, Исомиддин Пўлатовнинг ўтган йил сўнггида нашрдан чиққан илк шеърий тўплами - “Сукунатдан сўнг” китобини қўлингизга олиб мутолаа қилинг! Сўзларимга амин бўласиз.
Исомиддин “Ким?” деган шеърида “Юрагимни йиртиб, ташлаб юбораман эски қутига”, дейди. Ва шу шеърнинг сўнггида бир саволни ўртага ташлаган: “Дунёни тўтилардан ким қутқарар, ким?”
17 йил олдин қишлоғидан “Шоир бўламан”, деб чиққан йигит 2020 йилда ниятига етди, десам ишонаверинг. Бунга яна бир сабаб у, айнан ўтган йилнинг сўнгги кунларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлди.
Тўлқин Сиддиқ.