Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

18 йил аэропортда яшаган Нассери қиссаси

Эронлик Меҳран Карими Нассерининг ватани ва уйи йўқ эди. Бу уни ўн саккиз йил давомида Франциянинг Шарль Де Голль аэропорти терминалида яшашга мажбур қилди...

Омадсиз намойишчи

Меҳран 1942 йилда туғилган. У ҳар доим Эронда адолатли давлат тузуми, ижтимоий тенглик, эркинлик ва тўлақонли ҳаёт бошланишини орзу қилар эди. 1977 йилда ушбу давлат ҳудудида оммавий норозиликлар бошланди, исёнчилар томонида бўлгани боис Меҳран Нассери мамлакатдан чиқариб юборилди.

Эронлик Европанинг бир шаҳридан иккинчисига кўчиб ўтарди, аммо ҳеч қаерда унга бошпана берилмаган ва 4 йилдан сўнг у Бельгия сиёсий қочқинига айланди. Кейинчалик Париж орқали Лондонга кўчиб ўтишга қарор қилди, аммо режалари барча керакли ҳужжатлар бўлган сумкаси йўқолиши билан барбод бўлди.

Қўлида фақат билети қолган Меҳран Лондонга учишга муваффақ бўлди, бироқ Британия аэропортида ҳужжатлари етишмаслиги сабаб у яна Франция пойтахтига жўнатилди.

Бельгия ҳукумати унга ҳужжатларни расмийлаштиришда кўнгилли равишда ёрдам кўрсатди, бироқ Меҳран бу мамлакатга учиб кетишдан ва ҳибсга олинишидан қўрқарди. У аэропорт биносидан чиқиб кетишга журъат этолмади ва бу жой кўп йиллар давомида эронликнинг доимий яшаш жойига айланиб қолди.

Шараф ва “Терминал” тимсоли

Нассери аэропортда ўн саккиз йил, яъни 1988 йилдан 2006 йилгача қолди. У кичкина диванда ухларди. Мебелдан яна стул ва кичкина думалоқ столи        бўларди. Кийимлари чамадонида жойлашган бўлиб, у аэропорт ходимлари билан бирга овқатланарди.

Омадсиз эронликка нафақат ходимлар, балки йўловчилар ҳам ачинарди, улар унга овқат ва пул беришарди. Бир куни унинг қиссаси тўғрисида матбуот хабардор бўлди ва бир лаҳзада Меҳран бутун дунёга машҳур бўлди.

Вақт ўтиши билан у шу тарзда яшашга ўрганиб қолди. Эркак кўп вақтини ўқиш, шахсий ёзувлар ва иқтисодий асосларни ўрганишга бағишларди.

1955 йилда Бельгия ҳукумати Нассерига яна ўз давлатига кўчиб ўтишни таклиф қилди. Аммо у фақат Буюк Британияда яшашни хоҳлашини айтиб, таклифни рад этди. 4 йилдан сўнг французлар эронликка вақтинчалик яшаш учун рухсат беришди, аммо бу ҳам унга тўғри келмаслигини иддао қилиб рози бўлмади.

Эҳтимол, Меҳран Нассери шу тарзда яшашга одатланган ва аэропортни тарк этишни хоҳламагандир. Юмшоқ қилиб айтганда, унинг Европа мамлакатлари  ёрдамини инкор этиш сабаблари жуда ғалати туюларди.

2006 йилда Меҳран касалхонага ётқизилган. Касалхонадан чиққач, у терминалга қайтолмади. Аммо баъзида аэропорт ёнига келиб, қайғу билан унга қарарди. Бир йил ўтиб 65 ёшли эркак бошпанасизлар уйига жойлаштирилди. Унинг кейинги тақдири номаълум.

2004 йилда ушбу қайғули воқеа Париж аэропорти маҳбуси ролини Голливуд актёри Том Ҳенкс ўйнаган “Терминал” фильмига асос яратди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.