2018 йилда вилоят бўйича 2450 ёш оила ўртасида ажралишлар қайд этилган. Бу кўп. Хўш, унинг камайиши учун ким масъул?
Zarnews.uz веб-сайтида бир хабар ўқиб қолдим. Унда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан "Фаровон оила - жамият ривожининг асоси" шиори остида декадада ўтказилаётгани ёзилган экан.
Ажралишларнинг 70 фоизи ёш оилаларда юз бераётганлиги рост гап. Бунга ёшларнинг оилага тайёр эмаслиги сабаблигига ҳам қўшиламан. Бироқ, бу жиҳатларнинг ўзи бус-бутун оилага рахна сололмайди. Мисол учун, уй-жой масаласи, ишсизлик, моддий етишмовчилик, ёшларнинг "оила" тушунчасига юзаки қараётганлиги, уларнинг оила қуришга руҳан тайёр эмасликлари, эр ва хотинларнинг ишлаш мақсадида бошқа мамлакатларга чиқиб кетганлиги каби муаммолар ҳам муқаддас маконнинг бузилишига олиб келмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, ўтган 2018 йилда вилоят бўйича 2450 ёш оила ўртасида ажралишлар қайд этилган.
Вилоят бўйича 9 211 нафар, шундан 2 243 нафар (18-30 ёшгача бўлган) хотин-қизлар ишлаш ва бошқа мақсадларда чет давлатларга чиқиб кетган. Тўғри, уларнинг кўпчилиги ҳалол ишлаб, пул топаётган бўлса-да, минг афсуски, фарзандларидан узоқда эканлиги оила муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ёшларни оилага болалигидан тарбиялаб бориш мақсадида мактаб дарслигига "Оила психологияси" дарсини киритишни таклиф этамиз. Айни пайтда ушбу факультатив соатлар 11-синфлар учун ўқув йилининг 2-ярмидан бошлаб ўтилади.
Шунингдек, юқори синфда ўқийдиган ўғил болалар билан эркак ўқитувчилар ва қизлар учун аёл ўқитувчиларнинг суҳбатини йўлга қўйиш, бунда ички ишлар бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари, маҳалла фаолларини жалб этиш лозим.
Fофуржон БОБОБЕКОВ,
ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоли.