2021 йилда ижтимоий соҳа объектларидаги қурилишлар учун 825 миллиард сўм сарфланади

Жорий йилда Инвестиция дастури асосида вилоятда жами лойиҳа қиймати 825,1 миллиард сўмлик 130 та объект киритилган. Дастур доирасида 39 та умумтаълим мактаби, 16 та мактабгача таълим муассасаси, 8 та соғлиқни сақлаш, 6 та жисмоний тарбия ва спорт, 8 та олий таълим, 2 та маданият ва санъат, 1 та илм фан ва инновация объектлари, 2 та ичимлик сув ва канализация иншооти ва бошқа объектларда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Бу маълумотлар Самарқанд вилояти Матбуот уйида вилоят бош архитектори Ҳаёт Мирзоев иштирокида 2021 йил Инвестиция дастури асосида вилоятимизда ижтимоий соҳа объектларида олиб борилаётган қурилиш ишларига бағишланган матбуот анжуманида билдирилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда барча объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олинган, тендер ғолиблари пудратчи ташкилотлар аниқланиб, буюртмачи ва пудратчилар ўртасида шартномалар тузилган, объектларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

-  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида лойиҳа қиймати 87,26 миллиард сўмни ташкил этадиган 59 та ижтимоий соҳа объекти (27 та мактаб, 17 та соғлиқни сақлаш, 15 та мактабгача таълим объекти)да қурилиш ишлари олиб борилмоқда, - дейди Ҳ.Мирзоев. – Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи билан берилган топшириққа асосан вилоятимизда 80 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши, капитал таъмирланиши ҳамда реконструкция қилиниши белгиланган. Бу объектларнинг деярли барчасида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ижобий экспертиза хулосалари олинган. Ижтимоий соҳа объектларининг 40 таси бўйича электрон тендерга эълон берилган. 

Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан журналистларнинг саволлари ва вилоятимиз ҳудудларидаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари юзасидан маълумотлар берилди.

Ўктам Худойбердиев.