2021 йилгача дарахтлар кесилмайди
2020 йил 1 январдан “Евро-4”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш, 2022 йилдан “Евро-3”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини, 2023 йилдан эса “Евро-4”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини “вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомала (импорт) учун чиқариш” божхона режимига жойлаштирилмайди.
Шунингдек, 2022 йилдан заҳарлилик даражаси “Евро-4” экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган “М” ва “N” тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида «вақтинча олиб кириш» ва «эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимига жойлаштириш ман этилади.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Даврон Очилов иштирокида Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” фармони мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида билдирилди.
Фармонга асосан 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил сўнггига қадар юртимизда дарахтлар кесилишига мораторий жорий этилган. Бу даврда ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва бута навларини кесилишига рухсатнома бериш ман этилади.
- Концепцияни амалга ошириш юзасидан 2019-2021 йилларда бажариладиган ишларнинг режаси тасдиқланди, - деди Д.Очилов. – Бу билан атроф-муҳитга атропоген таъсирни камайтиришга эришиб, табиатни муҳофазасидаги ишларни янги босқичга кўтариш белгиланган. Жумладан, қишлоқ хўжалигида сув ресурслари йўқотилишини 10 фоизга камайтириш, оқава сувларни тозалаш самарадорлигини 80 фоизгача ошириш, заҳарли ташламаларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилишини 10 фоизга (2,492 миллион тоннадан 2,243 миллион тоннага) камайтириш белгиланган. Транспорт воситаларининг 80 фоизини газ ёқилғиси ва электр двигателларига ўтказиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни 3,5 фоиз (1,5 миллион гектар)дан 12 фоиз (5,4 миллион гектар)га кўпайтириш, аҳоли маиший чиқиндиларини тўплаш ва олиб кетишни тўлиқ таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлашни 65 фоизга етказиш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида мутахассисларга бир қатор таклифлар ҳам билдирилди ва мутахассислар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб беришди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.