2022 йил сарҳисоби: Ўзбекистон спорти нималари билан эсда қолди?
2022 йилда илк бор маҳаллалардан бошлаб ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадида спортнинг 9 та тури бўйича “беш босқичли” оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими йўлга қўйилди.
Ушбу янги тизим орқали ўтказилган спорт мусобақаларида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 6 миллион 200 минг нафар ёшлар қамраб олинди.
Ёшларнинг мусобақаларда эришган натижасига қараб рағбатлантириш мақсадида, улар истиқомат қиладиган маҳалла ва олис қишлоқ жойларда 279 та кўп функцияли спорт майдончалари қуриб берилди.
Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида 56 та мамлакат жамоалари 27 та спорт тури бўйича иштирок этди ва спортчиларимиз 122 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 188 та давлатнинг 1,7 минг нафар профессионал шахматчи ва гроссмейстерлари иштирокида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ғолиб бўлиб, Олимпиаданинг бош соврини – Ҳамилтон-Рассел кубогини илк маротаба Ўзбекистонга олиб келишди.
Ўзбекистон тарихида илк бор спортнинг оғир атлетика ва дзюдо турлари бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати юқори даражада ўтказилиб, спортчиларимиз тарихий натижа қайд этишди.
Тошкент шаҳрида 100 гектар ер майдонида жойлашадиган Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди.
Олий спорт маҳорати институти, Ўзбекистон давлат спорт академияси ҳамда Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил қилинди.
Шунингдек, ўрта махсус маълумотли тренерлар сони 54 фоиздан 48 фоизга камайди, олий маълумотли тренерлар билан таъминлаш даражаси 52 фоизга етказилди.