2022 йилда энг кўп сайёҳ ташриф буюрган дунё шаҳарлари
Бу шаҳарлар нимаси билан машҳур ва нега улар сайёҳларни ўзига жалб қилади?
Эътиборингизга йил давомида дунёдаги энг кўп сайёҳ ташриф буюрган шаҳарлар ва улар ҳақидаги баъзи қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.
Рим, Италия - йилига 30.000.000 сайёҳ
Дунёдаги шаҳар ичида алоҳида давлат (Ватикан - дунёдаги энг катта черков жойлашган шаҳар)га эга ягона шаҳар. 50 000 кишини сиғдира оладиган Рим Колизейи эса дунё етти мўъжизасининг бири ҳисобланади.
Милоддан аввалги 27 йилда қурилган Пантеон ибодатхонаси ҳозирги кунгача мукаммаллигича сақланиб қолинган ягона қадимий ёдгорликдир. Шаҳарнинг тарихий марказида баланд бинолар йўқ, бу ерда черковлар фасадидан баланд уйлар қуришга рухсат берилмайди.
Лондон, Буюк Британия - йилига 29.200.000 сайёҳ
Дунёдаги энг кўп миллиардерга эга Лондонда ҳозирда уларнинг 80 дан ортиғи истиқомат қилади. Шаҳарда 300 дан ортиқ тилда сўзлашадиган 8 миллиондан ортиқ одам яшайди. Тауэр кўприги йилига 1000 марта, кунига эса уч марта очилиб, ёпилади.
Бангкок, Таиланд - йилига 24.177.000 сайёҳ
Тўғридан-тўғри “Фаришталар шаҳри, катта шаҳар” деб таржима қилинадиган икки ўнлаб мақтовли сўзлардан тузилган Бангкокнинг тўлиқ номи (Крунг Тхеп Маханакхон Амон Раттанакосин Махинтараюттхая Махадилок Пхоп Ноппарат Ратчатхани Буриром Удомратчанивет Махасатан Амон Пиман Аватан Сатит Саккатхаттийя Витсанукам Прасит) “Гиннеснинг рекордлар китоби”га энг узун шаҳар номи сифатида киритилган.
Шаҳар кўчаларининг катта қисми сув устида қурилган ва Венециядаги каби уйлар орасидан каналлар оқиб ўтади. Узунлиги 46, баландлиги эса 16 метрдан иборат уйқудаги Будданинг дунёдаги энг катта ҳайкали шаҳар ибодатхонаси мажмуаси ҳудудида жойлашган. Таиланд пойтахтининг гил тупроқларида қурилган кўп қаватли уйларнинг босими туфайли шаҳар йилига 4 сантиметр тезликда чўкиб бормоқда.
Сингапур, Сингапур: - йилига 19.930.000 сайёҳ
Шаҳар-давлат Сингапур аҳолиси сўнгги 40 йил ичида 25 фоизга ўсиб, 1,6 миллиондан 5,3 миллионга кўпайди. Сингапур ҳеч қандай табиий ресурсларга эга эмас, бу ерга ҳатто чучук сув Малайзиядан олиб келинади. Шунга қарамасдан шаҳар аҳолисининг тахминан 3 фоизи миллионерлардир. Давлатда сақич чайнаш ва эркакларга калта шим (шорти) кийиш тақиқланган.
Париж, Франция - йилига 17.560.000 сайёҳ
“Дунё ва Мода пойтахти”нинг сайёҳлар орасида энг машҳур “Диснейленд”ига ҳар йили 13 миллионга яқин одам ташриф буюрадиган бўлса, 5 миллионга яқин чет элликлар Лувр музейи ва Эйфель минорасини зиёрат қилишни хоҳлашади. Парижда болаларга қараганда, итлар кўпроқ. Бир пайтлар шаҳар аҳолиси Эйфель минораси Париж қиёфасини бузаётгани тўғрисидаги петицияга имзо чекишган.
Кейинги ўринларда йилига 15.920.000 сайёҳ билан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри, 13.600.000 турист ташриф буюрган АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри, 13.434.300 меҳмон келган Малайзиянинг Куала-Лумпур ва 13.433.000 саёҳатчиси билан Туркиянинг Истанбул шаҳарлари жой олган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.