2024 йил самарқандлик ёшлар ҳаётида қандай из қолдирди?
2024 йил «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилингач, илм олишга, тадбиркорликка қизиқувчи йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада вилоятимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Сарвар Бобоев билан суҳбатимиз шу мавзу доирасида бўлди.
- Ўтаётган йил самарқандлик ёшлар ҳаётида қандай из қолдиряпти? Эътиборга молик бўлган қандай ютуқларга эришилди?
- Кейинги йилларда мамлакат миқёсида ўтказиладиган ҳар қандай танлов ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар орасида самарқандликларнинг бўлиши қувонарли ҳол, албатта. Бунга жуда кўп мисоллар келтиришимиз мумкин. Жомбой туманида яшовчи Наргиза Муҳаммадиева бу йилги «Ёш китобхон» танлови республика финал босқичида 10-14 ёшлилар орасида биринчиликни қўлга киритди. Унга Президент совғаси «Cobalt» автомобили берилди. 2023 йилги мавсумда 15-19 ёш тоифасида 1-ўринни Марҳабо Маҳкамтошева эгаллаб, "Spark" соҳибаси бўлган эди. Нафақат республика, балки халқаро танловларда ҳам ёшларимиз фаол. Айнан 2024 йилда Францияда ўтказилган олимпиадада чемпион бўлган Диёра Келдиёрова самарқанд фарзанди эканлиги билан фахрланамиз.
Йил номидан келиб чиққан ҳолда ёшларни, хусусан, тадбиркорликка қизиққан йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Йил аввалида хатлов ўтказилди ва 14 минг 418 нафар ёш алоҳида кўмакка муҳтожлиги аниқланди. Уларга вилоят ва туман ташкилотларида фаолият олиб бораётган 735 нафар раҳбар бириктирилиб, уларнинг муаммоларига ечим изланди. 335 минг 57 нафар ёш оталиққа олиниб, ҳуқуқ-тартибот органларининг 1513 нафар ходими томонидан кўмак кўрсатилди. Ёшлар орасиданҳунармандликка, тадбиркорликка қизиқувчиларини аниқлаб, уларга бизнес-режа тузишда, кредитлар ажратилишида алоҳида кўмак кўрсатилди. Бу ишлар амалга оширилиши жараёни бўйича махсус штаб ташкил этилиб, ишчи гуруҳ мониторинг қилиб борилди. Ҳар бир шаҳар ва туман кесимида олиб борилаётган ишлар қониқарли ёки сустлиги вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишларда муҳокама этилиб, сусткашликка йўл қўйган раҳбар ходимларга нисбатан чоралар кўрилди.
- Давлат дастурида 2024 йил 1 мартдан “Ҳар бир маҳаллада икки нафар дастурчи” лойиҳаси жорий этилиши ва уларга чет тилларни ўргатиш масаласи қўйилганди. Бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида нималар дея оласиз?
- Вилоятимиздаги мавжуд 1126 маҳаллада фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари кўмагида ахборот технологиялари ва чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқиши юқори 3 минг 200 нафардан зиёд ёшларнинг рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунда улар замонавий усулларда, яъни “Ustoz AI”, “Ibrat farzandlari”, “Mutolaa” “Qizlar akademiyasi” ва бошқа шу каби платформалар ёрдамида ҳамда биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган ўқув марказлари кўмагида ўқитиляпти. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2024 йилда ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларга тил ўргатиш марказлари 2 мингга яқинлашди. Бу кўрсаткич билан вилоятимиз республикада иккинчи ўринда.
Ўтаётган йилда халқаро имтиҳон тизимларида чет тилини билиш даражаси бўйича юқори балл олган самарқандлик ёшларнинг имтиҳон харажатларини қоплаб бериш борасида қандай ишлар қилинди?
- Мамлакатимизда билимли ёшлар учун кўпгина қулай имкониятлар яратилган. Шулардан бири чет тилини билиш даражаси юқори бўлган йигит-қизларнинг халқаро имтиҳон харажатлари “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан қоплаб берилишидир. Масалан, 7 баллдан юқори натижа билан IELTS сертификатини қўлга киритадиган ёшнинг имтиҳон харажатларини унинг ота-онаси ўйлаб ўтирмайди. 2021 йилда ана шундай юқори натижага эришган ёшлар сони 138 нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 8 бараварга ошиб, 1022 нафар самарқандлик ёшнинг имтиҳон харажатлари учун айнан “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.
- Йил Давлат дастурида “Ёш тадбиркор” танлови ташкил этилиши керак эди. Танлов қандай натижа берди?
- Бу йил Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар жамғармаси” ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Ёш тадбиркор” танлови ташкил этилмоқда. Илк бор ташкил этилган мазкур танловнинг шаҳар ва туман босқичларига 1320 нафар ёш қамраб олинди. Биринчи босқичда ғолибликни қўлга киритган 109 нафар ёш вилоят босқичида қатнашди. Юқори натижаларни қўлга киритган 5 нафар йигит-қиз эса танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Танловнинг мамлакат босқичи ғолиби бўлган ёшлар ўзлари тақдим этган лойиҳаларни амалга оширади. Бу борада биз, танлов ташкилотчилари уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
- 2025 йилги режалар қандай?
- Ўтаётган йилда эришилган муваффақиятлар билан бир қаторда хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилгани бор гап. Қанча улкан бўлмасин, ютуқларимиз билан қониқиб қолмасдан, келгуси йилда бундан-да юқори натижаларга эришишга интиламиз. Асосийси, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш жараёнини жадаллаштирамиз. Чет тилларни ўргатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтирамиз. Ёшлар орасида ортиб бораётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чораларини кучайтирамиз.
Феруза МАМАТҚУЛОВА суҳбатлашди.