2024 йил сарҳисоби: “Икки марта давлат стипендианти бўлдим”
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти иқтисодиёт ва бошқарув факультети иқтисодиёт (қишлоқ хўжалигида) таълим йўналиши 4-босқич талабаси Дамиржон Алимов бу йил Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби бўлди.
- Ўтган йили Ислом Каримов номидаги давлат стипендианти бўлгандим, - дейди Дамиржон Алимов. – Янги ўқув йилида яна омад кулиб боқди. Ҳатто ўзим бундай ютуқни қўлга киритишни ўйламагандим.
Президент стипендиясини қўлга киритиш учун, аввало, талаба 4-босқичда ўқиши, 1-босқичдан барча фанлардан “5” баҳо олган бўлиши лозим. Танлов икки босқичда, яъни институт ва республика босқичи бўлиб ўтади. Институт босқичида талабгорлардан Ўзбекистон тарихи, ахборот технологиялари ва чет тилидан тест саволлари берилади. Ҳар бир давлат олий таълим муассасасидан юқори балл тўплаган 3 нафаргача бўлган талаба республика босқичида иштирок этади. Танловнинг республика босқичида тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан олинади. Тест синовида юқоридаги фанлардан 100 та савол берилади.
Бундан ташқари, талабанинг камида бешта илмий мақоласи илмий нашрларда чоп этилган бўлиши, чет тилини билиш сертификати, кўрик-танловларда қатнашганлиги ҳам баҳолаш комиссияси томонидан эътиборга олинади. Ушбу талабларга муносиб жавоб берганим учун бу йил ҳам давлат стипендианти бўлишга эришдим.
Айни кунда устозим Шукрулло Муратов билан чорвачиликда иқтисодий самарадорликни ошириш бўйича стартап лойиҳа бошлаб қўйганман. Келажакда мазкур соҳасида амалга оширадиган режаларим кўп.