2030 йилга келиб сув остида қолиб кетадиган шаҳарлар

2021 йилнинг охирида “India times” нашри “Climate Central” иқлим кузатувчилари томонидан олиб борилган сўнгги тадқиқотлар билан танишди. Натижада 2030 йилдаёқ сув остида қоладиган дунёнинг 6 та йирик шаҳарлари рўйхати тузилди.

Глобал исиш оқибатларини юмшатиш мақсадида олимлар Ердаги ҳароратни Цельсий бўйича бир ярим-икки даражагача ошишини чеклаш зарурлигини таъкидлаб келмоқда.

Мақсадга эришиш учун 2015 йилда 190 дан ортиқ давлат ушбу ҳаракатлар режасини тақозо этадиган Париж битимини имзолади. Ҳужжат қазиб олинадиган ёқилғидан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, бироқ давлатлар иқлим ўзгаришига мослашиши, чиқиндиларни камайтириши ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш чораларини кўриши лозим.

Калькутта, Ҳиндистон

Фото: commons.wikimedia.org

1690 йилда асос солинган Калькутта сув остида қолиши эҳтимоли бор. Ҳиндистоннинг бу шаҳри Ганг дарёсининг дельтаси (дарёнинг тармоқланган мансаби)да денгиз сатҳидан бир ярим метрдан тўққиз метргача баландликда жойлашган. Шаҳарнинг асосий қисми ботқоқли ҳудудда ўрнашган бўлиб, одамлар у ерда жойлашиши учун олимлар ботқоқларни қуритишига тўғри келган эди. Қолган қуритилмаган ботқоқлар 12,5 минг гектар майдонни эгаллайди.

Ҳошимин, Вьетнам

фото: wikiway.com

Расмий равишда 10 380 минг киши истиқомат қилувчи Ҳошимин шаҳри ҳудуди Россиянинг Москва шаҳридан деярли икки баравар катта. Бунинг сабаби шаҳар ўз ҳудудига қўшимча равишда 16 та шаҳар ва жанубда денгиз соҳилигача чўзиладиган доим яшил баргли мангра ўрмонлари бор 5 та кенг қишлоқни ўз ичига олади. Ҳошиминнинг ғарбий қисмида Сайгон дарёси ўтади. Шаҳарнинг Меконг дарёси ёнидаги шарқий қисмида сув сатҳининг кўтарилиши ва тез-тез содир бўладиган бўрон ва сув тошқинлари туфайли яшаш хавфли.

Венеция, Италия
Адриатик денгизининг 18 та оролида жойлашган ва 378 та кўприк билан боғланган Венеция учун сув тошқинлари янгилик эмас: шаҳар йилига икки миллиметрга сувга чўкяпти. Агар сизда Венеция меъморчилигининг гўзаллиги ва улуғворлигидан баҳраманд бўлиш истаги бўлса, у ерга сув тошқини бошланишидан олдин боришни маслаҳат берамиз...

Янги Орлеан, АҚШ

фото: pinterest

Иқлим ўзгариши ўз таъсирини ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган минтақаларга кўрсатмай қолмайди. Американинг Янги Орлеанида аллақачон сув тошқинига қарши тўсиқ тизимлари мавжуд, бироқ шунга қарамай маҳаллий ҳукумат келгуси ўн йилликни беталафот кутиб олиш учун яна кўп ишларни амалга ошириши лозим.

Басра, Ироқ
Рўйхатимиздаги кейинги ўринда аҳолиси 1326 минг киши бўлган Ироқнинг Басра порти жойлашган. У 636 йилда асос солинган ва Форс кўрфазида қуйиладиган Шатт-аль-Араб дарёсининг ботқоқлигида туради. Шунинг учун келгуси ўн йилликнинг охирига келиб у қисман ёки тўлиқ сув остида қолиши мумкин.

Амстредам, Нидерландия

фото: pinterest

Амстердам Голландиянинг шимолий-ғарбий қисмида, Амстел ва Эй дарёларининг этагида жойлашган. Шаҳар номи “Амстел” ва “Дам” сўзларидан келиб чиққан бўлиб, “Амстел дарёсидаги тўғон” деган маънони англатади.
Шаҳар сайёҳларни ўз архитектураси, кўприклари ва беқиёс тунги ҳаёти билан ўзига жалб қилади. Голландияликлар сув тошқинидан ҳимоя қилиш илмини ўзлаштирган бўлсалар-да, умуман олганда Голландиянинг ишлари чакки эмас. Агар сув сатҳи 10 метрга кўтарилса шаҳар шунчаки ювилади-кетади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.