21 ёшли қизнинг ёқтирган йигитига юборган фотосуратлари қимматга тушди

Бухорода 21 ёшли қиз йигитига юборган суратлари сабабли товламачилик қурбони бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

31 ёшли фуқаро Г.Б. (аёл) ўзининг таниши 21 ёшли К.Ж. (аёл)нинг Telegram мессенжери орқали ёқтирган йигитига шахсий фотосуратларини юборганини кўрган. Г.Б. бу ҳақда К.Ж.нинг ота-онаси ва бошқаларга айтиб, шарманда қилиш билан қўрқитиб, апрель ойидан 20 июлгача ундан 3 700 АҚШ доллари, умумий баҳоси 20 000 000 сўм бўлган 1 дона тилла занжир, 3 дона аёллар тилла узуги ҳамда 1 дона аёллар тилла зирагини олган.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 июль куни Г.Б. К.Ж.дан фотосуратларини тарқатмаслик эвазига яна 1 000 АҚШ доллари талаб қилиб, ушбу пуллардан 200 АҚШ долларини Ғиждувон тумани Абади қишлоғида олаётган вақтда туман ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.