3-туғруқ мажмуаси вакиллари карантин муддатини билмайдими ёки..?
Жорий йилнинг 27 март куни сайтимизга келиб тушган мурожаат асосида «Самарқанддаги 3-туғруқхона карантиндан соғлом қайтган аёлни нега қабул қилмади?» сарлавҳа остида мақола эълон қилгандик. Унда ушбу туғруқ мажмуаси Самарқанд туманидан тўлғоқ тутиб келган аёлни қабул қилмагани ҳақида фикрлар берилиб, мутасаддилардан жавоб кутилганди.
Туғруқхона мутасаддиларидан қуйидаги мазмунда муносабат олдик.
«Ҳақиқатан ҳам Самарқанд тумани, Кўлбаипоён маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро М.Тўйчиева 25 март куни соат 12.00 да Самарқанд шаҳар 3-туғруқ мажмуаси қабул бўлимига мурожаат қилган. Кўрикдан ўтказилиб, унга «Ҳомиладорлик 2.40 ҳафтаси. Туғруқ 2. Туғруқнинг 1 даври» ташхиси қўйилган. Аёлни олиб келган қариндоши Меҳрангиз турмуш ўртоғи билан биргаликда Кореядан келганлиги, “Бўстон” санаторийсида 10 кун давомида карантинда бўлиб, шундан кейин 4 кун уйда поликлиника врачлари назоратида бўлиши кераклиги айтилиб, уйга юборганини айтган. Поликлиника назорати ёки карантин кузатуви натижалари бўйича ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Карантин муддати ҳали тугамаганлиги ва туғруқ содир бўлишига бир неча соат муддат борлигини ҳисобга олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кўрсатмасига асосан аёлни вилоят Перинатал марказига юборишга қарор қилинган. Вилоят Перинатал маркази врачи билан телефон орқали келишган ҳолда, аёл қариндошлари кузатуви остида марказга юборилган.
Шу куни аёл вилоят Перинатал марказида туққан. Чақалоғи ва ўзининг аҳволи қониқарли.
З.ЭГАМОВ,
Самарқанд шаҳридаги 3-сон туғруқ мажмуаси бош врачи».
Қизиқ, негадир туғруқхона масъуллари Кореядан келган самарқандлик оила 10 кун давомида “Бўстон” санаторийсида карантин муддатини ўтаганлигини ёзишибди. М.Тўйчиева бизга тақдим қилган маълумотномада эса улар 14 кун муддат карантинда бўлиб, Самарқандга қайтгач, уч кундан сўнг туғруқхонага келишади. Ажабланарлиси, маълумотномага зид фикрни туғруқхона масъуллари қаердан олишдийкин? Умуман, бугун бутун дунё 14 кунлик карантин муддати ҳақида билгани ҳолда, уларнинг бу ҳақда билмасликлари мумкинми? Қолаверса, «биздан карантин муддатини ўтаганлигимиз ҳақида ҳеч ким маълумотнома сўрагани ҳам йўқ», дейди мурожаатчи.
Туғруқхона ходимлари бу муносабат орқали ўз айбини хаспўшламоқчими ёки ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақмиз, демоқчими?