5 мингдан ортиқ аёл зўрлик ишлатилишидан шикоят қилган

Бугун, 11 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар” тўғрисидаги брифинг бўлиб ўтди.

Унда жойларда босқичма-босқич зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилиб, шу кунгача жами 165 та марказ фаолияти йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Ҳозирда ҳар бир марказда психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий соҳа ва тиббиёт ходимлари жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда.

Бугунги кунгача ушбу марказларга 5 минг 468 нафар хотин-қизлар мурожаат этган бўлиб, уларнинг 815 нафарига тиббий, 1 минг 486 нафарига психологик, 1 минг 208 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ҳамда 743 нафарининг бандлиги таъминланди, 496 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишларига кўмаклашилган.

Шунингдек, марказларда зўравонликка учраган, оғир вазиятга тушиб қолган, инқироз ҳолатидаги хотин-қизларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш мақсадида 2018 йилнинг 1 сентябридан “1146” қисқа рақамли “Ишонч телефони” ишга туширилган.