50 та тахаллус, 105 та никоҳ, ҳибсга олиниш ва қамоқхонадаги инсульт
Жованни Вильотто, Фредерик Жипп, Жон Мендоза ёки Николай Перусков… Одамлар бу сермуҳаббат жентльменни қайси исмлар билан чақиришмади. Барча замонлар ва халқларнинг энг ўтакетган никоҳ фирибгарининг ҳақиқий исмини аниқлашнинг иложи бўлмаган - у ўзини ошкор қилмади.
Жованни Вильотто ёки у ким бўлишидан қатъий назар, 1930 йилда Италиянинг Сиракуза шаҳрида рус оиласида туғилган (бошқа тахминга кўра, Нью-Йоркдаги италиялик оиласида). 20 ёшида у ўзи учун жуда қизиқарли касбни танлаб... никоҳ фирибгарига айланди. Бу ишларни бажаришга унинг ташқи кўриниши (истараси иссиқлиги) жуда қўл келди.
Ов
Йигит дастлаб “ўлжа”сини ўзи ишлаб юрган буюм бозоридан излаб топди. Жованни қизлар ва аёллар билан танишиб, уларни ўзининг табиий жозибаси билан мафтун қилар, том маънода биринчи учрашувдаёқ ишончли хонимларга эр-хотин бўлишни таклиф қиларди. “Севишганлар”нинг жуда тез имзо чекиш маросими содир бўлишиданоқ Жованни янги турмуш ўртоқларига узоқда яшаши ва “севгили”си билан у ёққа кетишни хоҳлашини айтарди.
Қизлар ўз нарсаларини йиғишга кириши билан, қаллоб уларнинг қимматбаҳо буюмларини машинага ортиб, қуёш ботган томон жўнаб кетарди. Дон Жуан кераксиз нарсаларни буюм бозорида (албатта, бошқасида) сотар, шу билан бирга у ердан ўзига кейинги хотин қидирар эди...
Жованни ҳаётининг 30 йилини ушбу фирибгарликда ўтказди - у 15 та мамлакатда 50 та тахаллус остида “ишлади” ва 105 та никоҳ тузди. Айтганча, никоҳ фирибгари тахминан ҳар ойда янги муносабат қайд этган ва фақат 52 ёшида тинчланди ёки кейинги қаллиғи шунчаки синчков бўлиб чиқди...
Фирибгарнинг сўнгги қурбони уни буюм бозоригача кузатиб борди. Шерон Кларк пештахтадаги нарх белгилари қўйилган ўз нарсаларини таниб олиб, дарҳол полицияга мурожаат қилди, шундан сўнг унинг қочиб кетган эри ҳибсга олинди.
Суд
Вильотто иши бўйича суд жараёни одамларга мисли кўрилмаган қизиқиш уйғотди - улар суд биносига суд бошланишидан бир неча соат олдин келиб ўтиришарди. Айниқса, аёллар жуда кўп эди.
Суд жараёнида Жованнининг бошқа жиноятлари тафсилотлари ошкор қилинди. Қизиғи, қаҳрамонимиз ҳар бир хотинининг исмини эслади. Бу нима экан: феноменал хотирами ёки “касб”га содиқлик? Буни аниқ айтиш қийин, бироқ саноқсиз исмлар, саналар ва жойларни эслаб қолиш осон иш бўлмаса керак.
Жованни узоқ вақт давомида ҳимоя чизиғида турди, судни унинг ягона жинояти ҳаддан ташқари романтик табиатли бўлгани ва аёллар олдида заиф эканлигига ишонтирди. Суд унинг кўрсатмаларини инобатга олди, аммо шафқат кўрсатмади. Товламачи фирибгарлик учун 28, икки хотинлик учун 6 жами - 34 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари, севги ҳам унга жуда қимматга тушди - Жованни 336 минг доллар жаримага тортилди.
Қамоқхона
Эркак ҳаётининг охирги 8 йилини Аризона штати қамоқхонасида ўтказди ва 61 ёшида инсультдан вафот этди. Унинг сўнгги манзилига кузатиб қўйиш учун хотинларининг биронтаси келмади. Шу тарзда қўлга тушмас никоҳ фирибгарининг ҳаёти ёмон отлиқ бўлиб якунланди, бироқ унинг “жасоратлари” эътибордан четда қолмади. Жованни Вильотто никоҳлар сони бўйича рекордчи сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.