6 ойда аграр тармоқда 10 мингдан ортиқ рейд ўтказилди. Нега?
Жорий йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги мелиорация ва йўл-қурилиш техникаси йўналишида 522, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш йўналиши бўйича 497, агротехник тадбирларни ўтказилиши юзасидан 154 ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Бу маълумотлар “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 6 ойида соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида билдирилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 10 197 маротаба назорат тадбирлари ўтказилиб, 1 941 та қонунбузилиш аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 982 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилган. Инспекторлар томонидан аниқланган 246 ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. 118 та қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ташкилотларга тақдимномалар киритилди. Ўтган вақтда инспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан 251 та, Паст Дарғомда 183 та, Каттақўрғон тумани бўлимида 128 та қонунбузилиши кузатилган.
- Президентимиз раислигида жорий йилнинг 8 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “дафтар”ларга киритилган фуқароларга вақтинча фойдаланиш учун ғалладан бўшаган майдонларда деҳқончилик қилиш учун ер бериш бўйича топшириқлар берилганди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бошлиғи Даврон Очилов. – Ушбу топшириқ асосида вилоятимизда ғалладан бўшаган 80 704 гектар майдон 60 мингдан ортиқ ишсиз фуқарога деҳқончилик қилиш учун берилди. Ушбу майдоннинг 7 792 гектарига сабзавот, 9 231 гектарига картошка, 34 383 гектарига дуккакли, 2 755 гектарига мойли ҳамда 26 543 гектарига озуқа экинлари экилди.
Энг катта тармоқдаги ишларга биргина анжуманда тўлиқ тўхталиб ўтишнинг имкони йўқ, шундай бўлса-да, масъуллар аграр тармоқдаги янгиликлар ва қилинаётган ишларга алоҳида тўхталишди.
Ўктам Худойбердиев.