6 ёшли болани отаси калтакламагани, унинг йиқилиб тушгани маълум қилинди
Аниқланишича, ота-онаси ажрашгани сабабли бир йилдан буён бола онаси билан яшаб келади.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда 6 ёшли боланинг отаси томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Кўп ўтмай Болалар омбудсмани муносабат билдирди ва ҳолат назоратга олингани маълум қилинди.
Кейинроқ вилоят ИИБ томонидан ҳолатга аниқлик киритилди.
Унга кўра, терговга қадар текширувда болакай Ургут туманида яшаши, унинг отаси ва онаси бир йилдан ортиқроқ вақтдан бери бирга яшамаслиги, уларнинг ўртасида 3 нафар фарзанди борлиги, фарзандларнинг 3 нафари ҳам онаси билан бирга яшаши аниқланган.
Фуқаролик судининг қарорига асосан фарзандларнинг отаси вояга етмаган фарзандларини ҳафтада бир кун, шанба ва якшанба кунлари кундуз куни соат 10:00 дан соат 17:00 га қадар олиб кетиб, учрашишига рухсат этилган. Ҳодиса содир бўлган вақтда ота ўғлини яшаш уйига олиб кетган, шу куни 6 ёшли A.A. кўчада ўйнаб юрган вақтида йиқилиб, тан жароҳати олган ва уни отаси Ургут тумани марказий шифохонасига олиб борган.
Текширувда биронта шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.