7 ойда 798 та жиноят ёшлар томонидан содир этилган

Ёшлар орасидаги жиноятлар ортиб боришининг сабаби нимада? Унинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Самарқанд шаҳридаги ёшлар маркази биносида ўтказилган “Ёшлар жиноятчилигини олдини олишда етакчилар ҳамда профилактика инспекторларининг ҳамкорлиги” мавзусидаги муҳокама-тарғибот тадбирида шу саволларга жавоб изланди.

Таъкидланганидек, вилоятда шу йилнинг ўтган 7 ойида ёшлар томонидан 798 та жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 62,5 фоизга ошган. 2021 йилнинг мос даврида бу кўрсатгич 491 тани ташкил этган эди. Содир этилган жиноятларнинг катта қисми Нуробод ва Нарпай туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри улушига тўғри келади.

Ёш хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 22 тага, олий ўқув юрти талабалари содир этган жиноятлар эса 41 тага ошганлиги ачинарлидир.

Тадбирда маҳаллалардаги профилактика инспекторлари ва ёшлар етакчиларининг ўз вазифасига сидқидилдан ёндашмаганлиги сабаб бу каби салбий натижалар қайд этилаётгани айтилди. Маҳалла, ташкилотлар, таълим муассасаси, оила, умуман, кенг жамоатчилик бир ёқадан бош чиқариб курашмас экан кутилган ижобий натижага эришиб бўлмаслиги таъкидланди.

Олий мажлис сенати аъзоси Фармон Тошев, Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарати мутахассиси Шоҳжаҳон Турғунбоев, вилоят ИИБ ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Сатторов ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари мавзу юзасидан маърузалар қилди.